Пойтахтимиздаги кўп тармоқли «Ҳумо Арена» спорт саройида дзюдо бўйича ўтказилаётган «Катта дубулға» турнирининг иккинчи кунги баҳслари ва очилиш маросими дунёдаги минг-минглаб мазкур спорт тури ихлосмандлари нигоҳини Тошкентга қаратди.
“Париж-2024” Олимпия ўйинларининг муҳим рейтинг очколарини тақдим этадиган турнир баҳслари мухлисларга олам-олам завқ бағишламоқда. Ҳар бир беллашувни 100 дан зиёд давлатнинг дзюдо мураббийлари, мутахассислари синчковлик билан кузатиб, таҳлил этиб бормоқда. Бу, Тошкент татамиларидаги мусобақа не чоғли аҳамиятли эканини англатади. Зеро, яна беш ойдан кейин Франция пойтахтида бошланадиган тўрт йиллик ўйинларга рейтинг очколари жамғариш билан рақибларнинг кучли ва кучсиз томонларини ўрганиш айнан шундай мусобақаларда амалга оширилади.
Иккинчи кунги баҳсларда аёллар 63 ва 70 килограммда, эркаклар 73 ва 81 кило оғирликда медаллар учун кураш олиб борди. Ушбу кунги 4 та вазндаги беллашувларда мамлакатимизнинг 16 нафар дзюдочиси ўз омадини синовдан ўтказган бўлса, уларнинг 3 нафари “Катта дубулға” турнирининг саралаш беллашувларини муваффақиятли ўтказиб, медалларга эга чиқиш имкониятига яқин келди.
Пойтахтимизда Халқаро дзюдо федерацияси вакиллари, 68 мамлакатнинг 500 нафарга яқин спортчилари, 100 нафарга яқин мураббий ва мутахассислар, ҳакамлар, расмий меҳмонлар иштирокида ташкил этилган “Катта дубулға” турнирининг очилиш маросими барча қатори мазкур тадбирларни онлайн тарзда дунёнинг турли бурчакларида кузатиб борган мухлисларга ҳам дзюдо спортининг шодлигини, руҳий кўтаринкилилигини тортиқ этди. Ўзбекистон спортининг кейинги йиллардаги юксалиш нуқталаридан барча-барчани баҳраманд қилди.
Маросимда иштирок этган Халқаро дзюдо федеацияси бош директори Влад Маринеску, Осиё олимпия кенгаши вице-президенти Отабек Умаров, Ўзбекистон Республикаси спорт вазири Адҳам Икромов, Ўзбекистн дзюдо федерацияси раиси Азиз Комилов ва бошқалар Тошкентда учинчи бор ўтаётган “Катта дубулға” турнирининг халқаро майдондаги аҳамияти, ўзбек спортининг дунёдаги мавқеи, мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спорт соҳасида амалга оширилаётган улкан ислоҳотлар хусусида сўз юритди. Тошкент жаҳон дзюдосининг марказларидан бирига айланиб бораётгани, ўтаётган шиддатли беллашувлар спортчилар учун “Париж-2024” Олимпия ўйинларининг рейтинг очколарини тақдим этиши билан ҳам қадрли экани таъкидланди.
Дарҳақиқат, пойтахтимизда дзюдо бўйича ўтаётган халқаро мусобақалар, айниқса, “Катта дубулға” туркумидаги турнирлар йилдан йилга янгича сифатларни ўзида мужассам этмоқда. Юртимизда ўтган аввалги “Катта дубулға” турнирида 49 та мамлакатнинг 370 нафарга яқин спортчиси қатнашган бўлса, бу галги турнир 70 га яқин мамлакатнинг 500 га яқин спортчисини жамлади.
Очилиш маросимидан кейин ҳар бир вазндаги олтин, кумуш, бронза медаллари учун спортчилар ўртасидаги қизғин беллашувларга изн берилди. Айтиш лозим, 73 килогарммда мамлакатимизнинг тўрт нафар маҳоратли дзюдочисидан Шаҳрам Аҳадов ва Обидхон Нўъмоновнинг ярим финал остонасигача етиб келиши ва бронза медалига даъвогарлик қилиши мураббийлар зиммасига катта масъулият юклади. Обидхон Нўъмонов қозоғистонлик Данияр Шамшаев, Шаҳрам Аҳадов россиялик Маҳмадбеков билан кечган курашда бронза медалларига сазовор бўлди. Аёллар ўртасида 70 килограммда бронза медалига даъвогарлик қилган ҳамюртимиз Гулноза Матниязова нидерландиялик Маргит де Вугтга йўл берган тарзда “Париж-2024” Олимпиадасининг рейтинг очкосини қўлга киритиш билан кифояланди.
Иккинчи кунги мусобақалар якунига кўра, умум жамоа ҳисобида Франция вакиллари 3 та олтин медаль билан пешқадамлик қилмоқда. 1 та олтин, 1 та кумуш ва 2 та бронза медалига эга ўзбекистонлик дзюдочилар 2-ўринда бормоқда. Ҳозирча 1 тадан олтин медалли бўлган Италия, Бельгия, Германия терма жамоалари кейинги ўринларни банд этган.
Халқаро турнирнинг сўнгги учинчи кунида эркаклар 90, 100, +100 килограммда, аёллар 78 ва +78 килограмм оғирликдаги баҳсларда татамига чиқади.
Тўлқин Рўзиев, Муҳаммад Амин(сурат), ЎзА.