Покистон мусулмон лигаси партияси раиси Шаҳбоз Шариф Покистоннинг янги Бош вазири этиб сайланди. Миллий мажлисда (парламентнинг қуйи палатаси) ўтказилган овоз бериш жараёни PTV News телеканалида трансляция қилинди. Янги ҳукумат раҳбарининг қасамёди 4 март куни бўлиб ўтади.
Шариф учун парламент қуйи палатаси янги чақириғидаги 336 нафар депутатдан 201 нафари овоз берган. Унинг ҳукумат раҳбарлиги учун курашдаги рақиби, «Адолат учун ҳаракат» партияси бош котиби, Миллий мажлиснинг янги чақириғига мустақил номзод сифатида кирган Умар Аюб Хон 92 та овоз олди.
Миллий мажлис йиғилиши Покистон мусулмон лигаси партияси вакили бўлган Сардор Аёз Содиқ спикерлигида ўтказилди, йиғилиш «Суннийлар ягона кенгаши» (Sunni Ittehad Council, SIC) депутатлари уюштирган норозилик акцияси туфайли бир соат кеч бошланди.
Шариф Покистон ҳукуматига 2022 йил апрелида 2023 йил августига қадар раҳбарлик қилганди. Ундан аввалги Бош вазир, ўша вақтда «Адолат учун ҳаракат» партияси раҳбари бўлган Имрон Хон ишончсизлик вотуми билдирилиши натижасида лавозимдан кетказилганди.