Анталияда Дипломатия анжумани

Туркиянинг Анталия дам олиш ҳудудида Дипломатия анжумани бўлиб ўтяпти. Тадбир жойи – “Nest” конгресс-маркази атрофида хавфсизлик чоралари кучайтирилган.

Хавфсизлик кучлари иштирокчиларни уч босқичли текширувдан ўтказишга қарор қилган.

Анжуманда 20 дан ортиқ давлат ва ҳукумат раҳбарлари, 90 дан ортиқ вазир, жумладан 60 дан зиёд ташқи ишлар вазири, 80 га яқин халқаро ташкилот вакили  иштирок этиши кутилмоқда

Украинанинг Суданга беғараз ёрдами

Ҳарбий ҳаракатдан жиддий зарар кўрганига қарамай, Украина Судан аҳолисига 7 минг тонна буғдой ҳадя қилди. Суданда 2023 йил апрелдан буён қуролли тўқнашув тўхтамаяпти. Ушбу беғараз ёрдам бир миллиондан зиёд аҳоли эҳтиёжини бир ой давомида таъминлайди.

Президент Владимир Зеленскийнинг “Украинадан ғалла” гуманитар ташаббуси доирасида йўналтирилган кўмак БМТ Жаҳон озиқ-овқат дастури томонидан муҳтожларга шошилинч тарқатилади.

Трамп Президент бўлса, вице-президентликка ким тайинланади?

АҚШ собиқ Президенти Дональд Трамп жорий сайлов тадбирлари доирасида Техас губернатори Грэг Эббот ҳамда Жанубий Каролина штатидан сенатор Тим Скоттни вице-президент лавозимига номзод сифатида кўраётганини маълум қилди.

Собиқ президент ушбу икки шахс ҳақида ўз чиқишларида ижобий фикр билдириб келмоқда.

АҚШда 2024 йил ноябрь ойида бўлиб ўтадиган навбатдаги президент сайловида республикачилар партиясидан номзодликка Дональд Трамп ва Никки Хейли даъво қилмоқда.

Пентагон раҳбари: НАТО билан Россия ўртасида тўқнашув эҳтимоли бор

Россия – Украина зиддиятида Киевнинг мағлубиятга учраши НАТО билан Россия ўртасида ҳарбий тўқнашув хавфини келтириб чиқаради, деб баёнот берди Пентагон раҳбари Ллойд Остин.

– Очиғи, агар Украина енгилса, ҳақиқатан НАТО Россия билан урушга киришади, деб ҳисоблайман, – деди у Вакиллар палатаси мажлисида сўзга чиқиб.

Бангладешдаги ёнғин 40 дан зиёд инсоннинг ёстиғини қуритди

Бангладешда юз берган ёнғин туфайли 40 дан зиёд одам ҳалок бўлди. Бу ҳақда “Dhaka Tribune” газетаси мамлакат соғлиқни сақлаш вазири Саманта Лаъл Сен берган маълумотга таяниб ёзган.

Савдо маркази иккинчи қаватида жойлашган “Kacchi Bhai” ресторанида ёнғин оқшом пайти келиб чиққан. Оловни ўчириш жараёни икки соат чўзилган.

Маҳаллий “Daily Star” газетаси ёзишича, ўт исканжасидан олиб чиқилган 75 кишидан 40 нафари ҳушсиз эди.

ХАМАС: Ғазода бегуноҳ  аҳоли ўлими жавобсиз қолмайди

Исроил армиясининг Ғазо секторида оддий аҳолига қарши амалга ошираётган хунрезлиги жавобсиз қолдирилмайди, дейилган ХАМАС ҳаракати баёнотида.

Ҳужжат куни кеча инсонпарварлик ёрдами берилишини кутаётган 100 дан зиёд фаластинликка ракетадан зарба берилгач эълон қилинди.

Украинага ракета жўнатилмаслиги сабаби айтилди

– Берлин Киевга “Taurus” қанотли ракеталарини бермайди, чунки 500 километргача етиб борадиган ушбу қурол Москвадаги нишонни ҳам уриши мумкин, – деб баёнот берди ГФР канцлери Олаф Шольц.

Ҳукумат раҳбари изоҳ беришича, бундай аслаҳадан фойдаланиш бўйича назоратни таъминлаш учун Украинага немис ҳарбийларини жўнатиш керак бўлади. Ваҳоланки, Германия Украинага аскар жўнатмасликка қарор қилган.

“Taurus KEPD 350/150” узоқ масофадаги кучли ҳимояланган нишонни аниқ уришга мўлжалланган қурол ҳисобланади.

Эстония Бош вазири: Макроннинг гапи Россияга огоҳлантирув!

Эстония Бош вазири Кая Каллас “Politico” нашрига интервьюсида айтишича, Франция Президенти Эммануэль Макроннинг ғарб мамлакатлари Украинага аскар жўнатиши мумкин, деган сўзлари Россияга огоҳлантириш бўлиши зарур.

– Москва билиши керак, Ғарб Киевга ёрдам беришнинг ҳамма йўлини кўриб чиқмоқда, – деган у.

БМТ: Исроил Ғазода жуда кўп ҳарбий жиноятга қўл урди

Исроил Ғазо секторида ва Ғарбий соҳилда қатор ҳарбий жиноятларни амалга оширди, деб баёнот берди БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Фолькер Тюрк Инсон ҳуқуқи бўйича Кенгашнинг 55-сессиясида.

– Инсон ҳуқуқи бошқармаси томонидан ўтган беш ой давомида қуролли можарода Исроил қўшинларининг ҳарбий жиноятга тенглаштириладиган қатор ҳаракатларини қайд этди, – дейилади унинг Фаластин ҳудудидаги вазият бўйича тақдим этган маърузасида. – Бу бегуноҳ аҳолини қонга ботиришдир.

Аргентинада Украинани қўллаб-қувватлаш бўйича саммит ўтиши мумкин

Аргентина Президенти Хавьер Милей 2024 йил “Украинага Лотин Америка ёрдами”ни кўрсатиш мақсадида саммит ўтказиш режалаштирилаётганини маълум қилди, деб ёзди“Financial Times” газетаси.

С.Раҳимов, ЎзА