Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, прокуратураси, суд ҳамда Ички ишлар вазирлигининг жорий йил 2 февраль куни тасдиқланган “Алимент ундируви билан боғлиқ муаммоли ижро ҳужжатлари ижросини таъминлашга қаратилган комплекс чора-тадбирлар белгилаш ҳамда шундай оилаларда тарбияланаётган болаларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган қўшимча вазифалар тўғрисида”ги қўшма фармойиши ижроси юзасидан Мажбурий ижро бюроси Тахиатош туман бўлими томонидан бир қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, қўшма фармойиш ижроси доирасида ишчи гуруҳ аъзоларининг аралашуви билан алимент ундируви билан боғлиқ муаммоли ижро ҳужжатлари бўйича 5 та ажрашган ёш оила яраштирилди.
Жумладан, фуқаролик ишлари бўйича Нукус туманлараро судининг 2022 йил 8 июндаги суд буйруғига асосан, Г.А.нинг тарбиясидаги икки нафар вояга етмаган фарзандининг таъминоти учун қарздор С.Н.нинг ҳар ойдаги жами даромадининг 1/3 қисми миқдорида алимент ундириш белгиланган.
Ишчи гуруҳ аъзолари томонидан ундирувчи ва қарздор билан олиб борилган тушунтириш ишлари натижасида ажрашган томонларнинг ярашишига эришилди.
Шундан сўнг, ундирувчи жорий йил 27 февраль куни Бюронинг Тахиатош туман бўлимига келиб, юқорида кўрсатилган суд ҳужжатига асосан ундирилиши белгиланган алимент пулларидан воз кечишини билдириб, ариза берди ва ижро ҳаракатлари тўхтатилди. Натижада вояга етмаган икки нафар фарзанд эндиликда тўлақонли оилавий муҳитда вояга этадиган бўлди.
Ҳозир ишчи гуруҳ аъзолари томонидан алимент ундируви билан боғлиқ муаммоли ижро ҳужжатлари ижросини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар давом этмоқда.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири