Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиали қўшни мамлакатларнинг нуфузли олий таълим муассасалари билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйган.
Филиалнинг зооинженерия кафедрасининг мудири, қишлоқ хўжалиги фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Х.Маматов икки томонлама тузилган шартнома асосида Қирғиз Республикаси Ўш давлат университетида бўлди.
Мазкур олий ўқув юрти вакиллари билан бўлиб ўтган учрашув давомида ҳамкорлик ва дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, профессор-ўқитувчиларнинг тажриба, талабалар учун академик алмашувини йўлга қўйиш, ҳамкорликда дуал таълимни жорий этиш, йирик илмий лойиҳалар устида иш олиб бориш, ветеринария ва чорвачилик соҳаси бўйича янгиликларни яратиш борасида мулоқот олиб борилди.
Ташриф доирасида меҳмон университетда талабалар учун яратилган шарт-шароитлар, жумладан, ўқув хоналари, лабораториядаги замонавий жиҳозлар, адабиётлар билан бойитилган кутубхона билан танишиб, талабалар билан самимий суҳбат қилди.
–Бу ўлкага илк ташрифим қайноқ таассуротларга бой бўлди, – дейди Х.Маматов. – Мен ўзим Самарқанд шаҳридан Нукусга бориб ишлаяпман, қирғизистонликлар ҳам худди қорақалпоғистонликлар каби самимий ва меҳмондўст эканлигига амин бўлдим. Бу ерда ўрганган тажрибаларимни филиал ўқитувчилари билан ўртоқлашмоқдаман. Мазкур ташриф давомида икки томонлома манфаатли йўналишлар бўйича мулоқотлар олиб бориб, келгусидаги аниқ вазифаларни белгилаб олдик.
Маълумот ўрнида қайд этиш зарур, бундан аввал Ўш давлат университетининг профессори, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори Абдуғани Абдурасулов филиалга ташриф буюриб, нукуслик талаба-ёшларга дарс ўтган эди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири