Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалида Ахборот-ресурс маркази бўлими ташаббуси билан Зулфияхоним таваллудининг 109 йиллигига бағишланиб «Зулфияхоним издошлари» деб номланган адабий-бадиий кеча ташкил этилди.
Таъкидланганидек, юртимизда ҳар йили баҳорнинг биринчи кунида шоира Зулфия Исроилованинг таваллуд айёми кенг нишонланиши анъанага айланган.
Сўзга чиққанлар халқимизнинг севимли шоираси Зулфияхоним ўзбек шеъриятида ўз ўрнига эга бўлган ҳамда шеърият мухлислари қалбидан чуқур жой эгаллаган ажойиб ижодкорлардан бири эканлигини таъкидлади.
Талаба-ёшларга шоиранинг ибратли ҳаёт йўли ва ўзига хос бой ижодий мероси ҳамда унинг бугунги кундаги аҳамияти ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, Зулфияхонимнинг шеърлари Ватанга муҳаббат руҳида яратилганлиги, унинг адабиётимизга қўшган салмоқли ҳиссаси қайд этилди.
Тадбирнинг бадиий қисмида талаба-ёшлар томонидан шоиранинг меҳр-муҳаббат ва самимиятга йўғрилган гўзал шеърлари ижро этилиб, қизиқарли саҳна кўринишларини намойиш қилинди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири