Судьяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятида аралашувларга йўл қўйилмайди

369

Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг 2023 йилдаги фаолияти сарҳисоби бўйича матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Кенгаш мутасаддилари профессионал судьялар корпусини шакллантириш, тизимни малакали, ҳалол ва пок кадрлар билан тўлдириш, кадрлар салоҳиятини оширишга эътибор қаратилаётганини қайд этди.

2023 йилда судьяларни тайинлаш, вакант лавозимларни тўлдириш бўйича ўтказилган очиқ танловлар натижасида 541 та (умумий номзодларнинг 70,4 фоизи) тайинловлар амалга оширилди. Шундан 142 нафар судья ушбу лавозимда бўлишнинг биринчи беш йиллик муддатига, 111 нафари ўн йиллик муддатга, 5 нафари муддатсиз даврга, 283 нафари ваколати муддатига қайта тайинланди.

Айни пайтда тизимда 1 минг 409 нафар судья фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг 453 нафари судьялик лавозимида бўлишнинг беш йиллик муддатига, 903 нафари ўн йиллик муддатга, 51 нафари муддатсиз даврга тайинланган.

Тизимда 199 нафар (14,1 фоиз) аёл судья фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг 28 нафари раҳбарлик лавозимларида. Ўтган йили кенгаш “Гендер тенглик фаоли” миллий танловининг “Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол республика даражасидаги давлат ташкилоти” йўналиши ғолиби деб топилган. Бундан ташқари, 3 нафар аёл судья Халқаро аёл судьялар ассоциацияси аъзолигига қабул қилинган.

Гендер тенгликка эришиш стратегиясининг мақсадли кўрсаткичларига кўра, судьялар орасида хотин-қизлар улуши 2025 йилда 20 фоизга, 2030 йилда 30 фоизга етказилади.

2023 йилда судьялар дахлсизлиги бузилиши, уларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига аралашувлар бўйича Кенгаш раиси томонидан Бош прокуратурага киритилган тақдимномалар натижасида халқ депутатлари маҳаллий кенгашларнинг судларга турли вазифалар юклаш ҳақидаги 9 қарори бекор қилинди. Икки ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилди ва бир ҳолат бўйича судьяга нисбатан чиқарилган маъмурий жавобгарликка оид қарор бекор қилинди. Яна бир ҳолат бўйича ўрганиш ишлари давом эттирилмоқда.

Оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали судьялар дахлсизлиги ва суд ишларига аралашишга уриниш эҳтимоли мавжуд ҳолатлар бўйича матбуот хизмати томонидан тегишли баёнот берилиб, воқеликка муносабат билдириб борилмоқда.

Коррупция ҳолатларининг олдини олиш ва муросасиз муносабатда бўлишни шакллантиришга қаратилган дастур тасдиқланиб, ижроси таъминланди. Мазкур жараёнда судьялар ва судьяликка номзодларни психологик тестдан ўтказиш, натижаларини уларнинг фаолиятидан келиб чиқиб таҳлилий ўрганиш рейтинги ва Судьялар одоби кодексига риоя этиши ва бошқа омилларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, коррупциянинг олдини олиш борасида доимий равишда судьялар билан таъсирчан суҳбатлар ўтказиб келинмоқда.

Рейтинг кўрсатгичлари юқори судьялар рағбатлантирилиши билан бирга, рейтинги паст судьялар фаолияти таҳлилий ўрганилиб, уларнинг малакасини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Н.Абдураимова, ЎзА