Пойтахтимизда Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи Шавкат Умурзоқов Ўзбекистоннинг Озарбайжондаги фахрий консули Кянан Жалилов бошчилигидаги консуллик вакиллари билан учрашди.

Учрашувда меҳмонга Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан пойтахтимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар кўлами ҳақида маълумот берилди. Яқин келажакда туризм, инфратузилма, уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш, ишлаб чиқариш соҳаларида қатор лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилгани айтилди.

Кянан Жалилов ўз навбатида, учрашув учун миннатдорлик билдириб, Озарбайжон ишбилармон доираларининг Ўзбекистонда йирик лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этишдан манфаатдорлигини таъкидлади.

Учрашув якунида самарали ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида ҳар икки томон ишбилармон доиралари билан мулоқотни давом эттиришга келишиб олинди.

Гулноза Бобоева, ЎзА