Бош прокуратура: “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга оширишда назорат кучайтирилади

363

Бош прокуратура томонидан экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида назорат ишлари олиб борилмоқда. Шу билан бирга, соҳа вакиллари “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги амалий ишларга ҳам бевосита кўмак кўрсатиб келмоқда.

Лойиҳа бошланганда Бош прокурор раҳбарлигида Бош прокуратура, Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент, МИБ ҳамда уларнинг Тошкент вилояти қўйи тизимлари ходимлари иштирокида Қибрай туманида кенг қамровли ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилди.

Бир неча гектар ташландиқ ҳолатда бўлган ер майдони текисланиб, шудгор қилиниб, минерал ва органик ўғитлар билан озиқлантирилиб, ушбу жойда бир неча минг мевали кўчат экилди.

Янги барпо этилган ушбу боғдан фойдаланиш ва даромад олишлари учун ер майдони уюшмаган ёшларга тенг бўлиб берилди.

Бундай ишлар Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар прокуратуралари, тизимлар ходимлари томонидан барча ҳудудларда амалга оширилди.

Куни кеча Бош прокуратуранинг Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва ўрмон хўжалиги соҳасидаги қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси бошлиғи Ў.Ўтаев бошчилигида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси баҳорги мавсумига тайёргарлик бўйича йиғилиш бўлиб ўтди.

Видеоконференсалоқа режимида ўтказилган йиғилишда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят ва Тошкент шаҳар прокурорларининг соҳавий ўринбосарлари, тегишли бўлим бошлиқлари, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг марказий ва ҳудудий масъуллари иштирок этди.

Жорий йилда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида 134 туман (шаҳар)да “Яшил боғ”, 160 маҳаллада “Яшил жамоат парки” барпо этилиши қайд этилди.

Йиғилишда лойиҳани амалга ошириш учун шакллантирилган ниҳоллар захирасини ўрганиш ҳамда тегишли ер майдонларини ажратиш ишларида назоратни кучайтириш вазифаси қўйилди.

Н.Абдураимова, ЎзА