Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалида талабалар ва маҳалла қизлари ўртасида “Спорт нафислик –соғломлик манбаи” шиори остида спорт мусобақаси ўтказилди.

Мазкур мусобақада филиалда таҳсил олаётган талаба- қизлар, филиал ҳузуридаги Нукус ветеринария техникуми ўқувчилари ҳамда Гулзор маҳалласининг уюшмаган ёшларидан ташкил топган  жами 6 та жамоа иштирок этди.

Қизлар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, спортни янада оммалаштириш ҳамда ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ва мақсадли ташкил этиш мақсадида ўтказилган мусобақада иштирокчилар 6 та шарт бўйича куч синашди.

Қизиқарли шартларни ўз ичига олган мусобақада иштирокчилар ҳамжиҳатликда ўз маҳоратларини намойиш этишди. Якуний натижаларга кўра, филиалнинг биринчи босқич талаба-ёшларидан ташкил топган “Чаққонлар” жамоаси биринчи, учинчи босқич талабаларининг “Олимпия” жамоаси иккинчи,  Гулзор маҳалласи қизлари учинчи ўринни эгаллади.

Ғолиб жамоалар ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.


Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири