Нукус шаҳар ҳокимлиги ташаббуси билан Мактабгача ва мактаб таълими бўлими томонидан умумтаълим мактаблари ўқувчиларининг билим олишга бўлган қизиқишини рағбатлантириш, уларнинг ўқишга бўлган интилишини тўғри баҳолаш, энг асосийси, келажакда ҳар томонлама етук, билимли ёшлар бўлиб етишиши учун “Ҳоким олимпиадаси” ташкил этилди.

Олимпиаданинг дастлабки босқичида умумтаълим мактабларининг 7-8 синф ўқувчилари математика, физика, тарих, қорақалпоқ, ўзбек, инглиз тиллари бўйича ўз билимларини синовдан ўтказди. Ушбу беллашувлар дастлаб синфлар ўртасида, сўнгра мактаб, ҳудудий ва шаҳар босқичларида ўтказилади.

–Давлатимиз раҳбари раислигида жорий йил 5 февраль куни ўтказилган видеоселектор мажлисида  мактабгача ва мактаб таълимидаги ишларнинг аҳволи таҳлил қилиниб, келгуси режалар белгилаб берилди, – дейди Нукус шаҳар ҳокими ўринбосари А.Пиржанов. – Ҳоким олимпиадасини ўтказишдан асосий мақсад иқтидорли ўқувчиларни аниқлаш, уларни қўллаб-қувватлаш, маҳаллий ва халқаро олимпиадаларга тайёрлашдан иборат. Дастлабки босқичнинг ўзида 12 минг 475 нафар ўқувчи олимпиадада иштирок этиш истагини билдирди. Якуний шаҳар босқичи 1-15 апрель кунлари ўтказилиб, ғолиблар шаҳар ҳокимининг фахрий ёрлиғи ҳамда қимматбаҳо совғалари билан тақдирланади. Ушбу олимпиадани ҳар йили икки маротаба ўтказиш назарда тутилмоқда.

Нукус шаҳар ҳокимлиги томонидан Мактабгача ва мактаб таълими бўлими билан ҳамкорликда соҳадаги муаммоларни бартараф этиш, тизимга янги ташаббусларни жорий этиш юзасидан чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Жумладан, “Ҳоким олимпиадаси”дан ташқари, ўқувчиларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш мақсадида “Ёш аскарлар”, ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш учун “Сиз қонунни биласизми?”, ёшларни миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш  бўйича “Оталар мероси” кўрик-танловларини ўтказиш режалаштирилган.

Довуд  Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА мухбирлари