Давлат раҳбарининг 2023 йил 30 март куни ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши билан танишиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи доирасида аҳоли фаровонлигини янада оширишга қаратилган учта янги ташаббус илгари сурилган эди.

Жумладан, ушбу ташаббуслар доирасида Оролбўйи маҳаллаларини обод қилиш, сув, йўл, электр таъминотини яхшилаш, мактаб, боғча ва тиббиёт пунктларини қуриш ва таъмирлаш учун 452 та маҳалланинг ҳар бирига тўғридан-тўғри 500 миллион сўмдан қўшимча маблағ ажратилди. Бунинг учун алоҳида Қорақалпоғистон Республикаси маҳаллаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил қилиниб, унга 2023 йилда 250 миллиард сўм ажратилди.

Амударё туманидаги овул ва маҳалла фуқаролар йиғинларида Юртбошимиз томонидан қаратилган юксак эътибор ва ишончни оқлаш, яратилган имкониятдан самарали фойдаланиш мақсадида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, маҳаллаларга электр линиялари тортилиб, трансформаторлар ва таянч устунлари ўрнатилди. Шунингдек, кўчаларга қум-шағал аралашмасини ётқизиш орқали пиёдалар ва ҳайдовчилар учун йўлларда ҳаракатланиш осонлашди. Айрим маҳалла биноларига қуёш панеллари ўрнатилиб, болалар майдончалари ҳамда пиёдалар йўлаклари қурилди.

Тумандаги “Гулзор” маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам ажратилган маблағ ҳисобидан хайрли ва самарали ишлар амалга оширилди. Жумладан, маҳалла маъмурий биносига қуёш панели ҳамда кўчаларга видео кузатув камералари, Огаҳий кўчасига тунги ёритгич чироқлари ўрнатилиб, пиёдалар йўлакчаси қурилди. Ҳудуддаги 8 та кўчага аҳолининг электр таъминоти хизматини яхшилаш мақсадида алоҳида трансформатор ўрнатилди.

Бу борадаги тизимли ишлар барча маҳаллаларда давом этмоқда.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА мухбири