Аввал хабар қилинганидек, пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ” марказий кўргазмалар мажмуида “Қурилиш – UzBuild 2024″ халқаро кўргазмасининг иккинчи кунги тадбирлари ўтказилмоқда.

Бугун ташкил этилган тадбирлардан бири архитектура бюролари фаолиятига бағишланган сессия ишидир.

Унда Буюк Британиядаги “Zaha Hadid Architects” компанияси эришган ютуқлар ва кўникмалар ҳақида ушбу компаниянинг етакчи архитектори Евгения Позигун тақдимот қилди.

Сессия ишида Евгения Позигун ушбу компаниянинг турли архитектура типологиялари, бош режалар, турар жойлар ва инфратузилманинг инновацион дизайнига ёндашувини таъкидлаб ўтди.

Шунингдек, у бюро фаолияти, турли типологияларнинг етакчи лойиҳаларини, бюро ўз лойиҳаларини лойиҳалаш ва ривожлантириш учун фойдаланадиган инновацион тизимларни, барқарор ривожланиш, инновацион қурилиш технологиялари бўйича ўзининг кўп йиллик тажрибаси билан ўртоқлашди.

– Умид қиламизки, “Янги Тошкент шаҳри” каби лойиҳаларда ушбу тамойиллар интеграция қилинади. Чунки биз янги шаҳарларни қуриш ва режалаштиришда инфратузилмани ва шаҳарни яратиш учун барча тизимларни, шу жумладан, ижтимоий тизимларни, ижтимоий жиҳатларни тўғри режалаштиришдан бошланади, деб ишонамиз. Биз бу каби анжуманда келгусида ҳам иштирок этишни истардик. Негаки, бизда лойиҳалар ҳам, технологиялар ҳам ривожланмоқда. Биз келажакдаги ишланмаларни улашишни ва Ўзбекистондаги янгиликлар ҳақида кўпроқ билишни истаймиз, – деди у.

Н. Зиёдуллаева, ЎзА