Сўнгги вақтларда кўпчилик юртдошларимиз томонидан сифатсиз бeнзин маҳсулотлари автомобилларга жиддий зарар етказганини маълум қилишмоқда.

Шу сабабли, АЁҚШда сотилаётган сифатсиз автобензин ёнилғисига чек қўйилмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси “Ўзэнергоинспекция” Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси билан ҳамкорликда аҳолини сифатли бензин маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида жойларда ёқилғи маҳсулотларининг сифатини ўрганиш бўйича назорат тадбирларини ўтказди.

Хусусан, Қорақалпоғистон Республикасида иш юритувчи “РАФС” СИЧК, “РУХШОНА ҲАМИД” МЧЖ, “СУВИНШОАТГАЗҚУРИЛИШ” ХК, “ИМКОН-ХАМКОР” ХК, “РУСЛАН” ФХ, “ТЎРТКЎЛЛИ БУНЁД ОИЛ” МЧЖ ҳамда “ГУЛНОРА ГАЗ СEРВИС” МЧЖларга қарашли АЁҚШ ларда ўрганишлар ўтказилди.

Ушбу ёнилғи қуйиш шохобчаларидан бензин маҳсулотлари харид қилиниб, белгиланган тартибда тегишли лабораторияларга тақдим этилди. Лаборатория таҳлиллари 7 та хизмат кўрсатувчи шохобчанинг бензин маҳсулотлари сифатсизлиги бўйича ўз хулосасини берган.

Мазкур хулосага кўра, ёнилғи қуйиш шохобчаларидан намуна олинган АИ-92 бензиннинг таркибидаги октаннинг норматив ҳужжат талабига кўра, 92 бўлиши кераклиги, лекин текшириш натижасида ушбу кўрсаткич шохобчалардан олинган намуна ёқилғи маҳсулотларида 90 га ҳам етмагани, тегишли талабга жавоб бермаслиги хулоса қилинган.

Қўмита томонидан олиб борилган ўрганишларда АЁҚШ лар томонидан 2023 йил АИ-92 маркали сифатсиз жами 26 минг литрдан зиёд автобензин сотилгани, бунинг натижасида истеъмолчиларга жами 277 миллион сўм зарар етказилгани аниқланди.

Ўтказилган текшириш натижалари бўйича Қўмитанинг махсус комиссияси томонидан юқорида кўрсатилган хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг тегишли моддаси талаби бузилиши ҳолатлари бўйича қонунчиликда белгиланган тартибда иш қўзғатилиб, қарор, кўрсатмалар берилди.

Рақобат қўмитаси бошқа масъул ташкилотлар билан ҳамкорликда бу каби назорат тадбирларини республикамизнинг барча ҳудудларида ўтказиб келмоқда.

Ш.Маматуропова, ЎзА