“Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида ёшлар муаммоларини ҳал қилиш ва салоҳиятини юзага чиқариш, талаб юқори бўлган касб-ҳунарга ўқитиш орқали уларнинг бандлигини таъминлаш бўйича кўплаб вазифалар белгиланди.
Ёшлар билан манзилли ишлашнинг янгича механизмини амалда татбиқ этиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси 2-сектор ҳудудларидаги 59 та маҳалладаги 23 минг нафардан ортиқ ёш оталиққа олинган.
Бугунги кун ҳолатига оталиққа олинган ёшларнинг барчаси билан индивидуал, миграциядагилар билан видеоконференцалоқа тарзида суҳбатлашилиб, муаммолари ўрганилди. Ушбу муаммоларни ҳал қилиш юзасидан чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, ижрога қаратилди. Қорақалпоғистон Республикаси прокурори томонидан ишчи гуруҳ аъзолари билан кунлик суҳбатларда берилаётган топшириқлар ижроси назоратга олинган.
Оталиққа олинган ёшлар тўлиқ қамраб олинган ҳолда чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилмоқда. Ишсиз ёшларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида барча ҳудудларда бўш иш ўринлари ярмаркалари ташкил этилди. Масъул идоралар билан ҳамкорликда 2-секторга қарашли маҳаллаларда 8 та спорт тури бўйича спорт мусобақаларига старт берилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири