Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлиси олдидан қўмиталар мажлислари давом этмоқда. Куни кеча қатор қўмиталар мажлисларида Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (Омбудсман)нинг 2023 йилдаги фаолиятига оид ҳисоботи сенаторлар диққат-марказида бўлди.

Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси мажлисида Омбудсманга ўтган йилда 18 минг 622 мурожаат келиб тушгани қайд этилди.

Вакил томонидан фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш юзасидан давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда судларга таъсир чоралари шаклидаги ҳужжат киритилган. Судларга киритилган даъво аризаларининг аксарияти қаноатлантирилган.

Омбудсман нафақат ҳаракатланиш эркинлиги чекланган  шахсларга руҳий, психологик, жисмоний ёки бошқача тарзда босим ўтказилгани тўғрисидаги шикоятлар, балки Интернет жаҳон ахборот тармоғида бу каби ҳолатлар юзасидан тарқалган хабарларни ҳам тўлиқ назоратга олиб, тегишли тартибда расмий муносабат билдириб келмоқда.

Қўмита аъзолари мониторинглар сони ва сифати ўсиб бораётганини ижобий кўрсаткич сифатида қайд этди. Шу билан бирга, аҳоли мурожаатларида кўтарилаётган долзарб масалалар ижобий ечим топиши учун тегишли идора ва ташкилотлар билан ҳамкорликдаги ишларни кучайтириш муҳимлиги таъкидланди.

***  

Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси мажлисида Омбудсманнинг минтақавий вакиллари муаммоларни ҳар томонлама ва тезкор ҳал этиш мақсадида жойларга чиқиб, сайёр қабуллар ташкил этаётганига эътибор қаратилди.

2023 йилда минтақавий вакиллар томонидан 130 таъсир чораси бўйича ҳужжатлар тайёрланиб, уларнинг ижроси таъминланишида иштирок этилган. Хусусан, улар иштирокида тайёрланган 18 хулоса давлат органлари ва ташкилотлари, уларнинг мансабдор шахсларига киритилди ва уларнинг 11 таси ёки 61,1 фоизи тўлиқ қаноатлантирилди.

Сенаторлар томонидан таълим ва соғлиқни сақлаш соҳасида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, шунингдек, қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш мақсадида давлат органлари ва ташкилотларига, уларнинг мансабдор шахсларига Омбудсман номидан кўриб чиқилиши мажбурий бўлган ариза ва даъво аризалари, тақдимномалар ҳамда тавсиявий хусусиятга эга хулосаларнинг ижроси муҳокама қилинди.

***  

Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси мажлисида Омбудсман томонидан ёшлар ва болалар ҳуқуқлари ҳамда манфаатлари ҳимоя қилингани эътибор марказида бўлди.

Омбудсманнинг ташкилотларга қилган мурожаатлари натижасида 5 нафар талабанинг олий таълим муассасаларида таълим олиши учун 24 миллион сўмлик контракт пули тўланишида, 3 нафар вояга етмаган боланинг мактабга қабул қилинишида ҳамда 2 нафар мактаб ўқитувчисининг дарс юкламаси тикланишида, 2 нафар талабага ОТМга қарашли ётоқхонадан жой ажратилишида кўмаклашилган.

Шунингдек, 30 нафар фуқаронинг тиббий кўрикдан ўтишида ва 17 нафарининг даволаниши учун йўлланма берилишида, 1 нафарининг “Саховат” уйига жойлаштирилишида, 5 нафари ногиронлик аравачаси ҳамда 2 нафари билак протези билан таъминланишида, 2 нафарига ногиронлик нафақаси ва 1 нафарига ногиронлик гуруҳи белгиланишида ёрдам кўрсатилган.

Бундан ташқари, 20 нафар фуқаронинг “Аёллар дафтари”га киритилишида, 3 нафар хотин-қизга “ҳимоя ордери” берилишида, 2 нафар фуқаронинг “Ёшлар дафтари”га киритилишида кўмаклашилган.

Фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликда хотин-қизларнинг ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларни янада кучайтириш, ҳавонинг ифлослантирилиши юзасидан келиб тушаётган мурожаатларни алоҳида назоратга олиш ва таъсирчан чоралар кўриш, Омбудсманга мурожаат қилишнинг тез ва қулай имкониятини берувчи “мобиль илова”ни ишлаб чиқиш ва йўлга қўйиш каби таклифлар билдирилди.

Н.Абдураимова, ЎзА