Давлатимиз раҳбари “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармонни имзолади.
Мазкур муҳим ҳужжатда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган кенг кўламли ислоҳотларни 2024 йилда самарали амалга оширишга оид муҳим вазифалар белгилаб берилди.
Фармонга мувофиқ, қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш бўйича қандай ишлар амалга оширилади?
Бу саволга Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети “Халқаро ҳуқуқ ва оммавий-ҳуқуқий фанлари” кафедраси доценти, юридик фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Зарина Исроилова жавоб берди:
– Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг мазкур фармонида халқ манфаатларига йўналтирилган бошқарув тизимини янада такомиллаштириш, ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш учун муносиб шароитлар яратишдек муҳим мақсадлар илгари сурилган. Бу ҳар бир юртдошимизга тааллуқли бўлиб, ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди.
Айниқса, ёшларнинг салоҳияти, истеъдоди ва ташаббусларини тўлақонли рўёбга чиқариш бўйича аниқ йўналишлар белгилангани келажагимиз эгалари бўлган йигит ва қизларда интилишни, эртанги кунга бўлган ишончни янада юксалтиради.
Демак, шу асосда “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида 2024 йил 1 мартдан бошлаб маҳалла, таълим муассасалари, корхона ва ташкилотлар тизимида мукофот жамғармаси 600 миллион сўм миқдорида хорижий тиллар (“Ибрат фарзандлари”) бўйича танловлар, киберспорт мусобақалари ва “Заковат” интеллектуал ўйинлари юқори савияда ташкил этилади.
Қонун устувор бўлган жамиятда халқ эркин ва фаровон яшайди. Шу нуқтаи назардан фармонда қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш йўналишига алоҳида эътибор қаратилган.
2024 йил 1 майга қадар адашган ёшларни жамиятга интеграция қилиш, уларнинг ҳаётда ўз ўрнини топишига кўмаклашиш мақсадида Ёшлар иттифоқи кафиллиги асосида жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган ёшларни пробация ҳисобидан чиқариш амалиёти жорий этилади. Уларни профилактик ҳисобга олиш асослари кескин қисқартирилади.
Дарҳақиқат, катта йўл бошида адашганларни тўғри йўлга солиш мумкин. Шу нуқтаи назардан мана шундай адашган ёшларга имкон бериш, уларни тарбиялаб, тўғри йўлга солиш масаласи қўйилган. Бунинг амалда таъминланиши адашган ёшларнинг ўз хатосидан тўғри хулоса чиқаришига имкон беради.
Фармонга кўра, йўл ҳаракати қоидалари бузилиши ҳолати юзасидан юбориладиган қарор ва хабарномалар бўйича Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматига Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали электрон мурожаат қилиш имконияти яратилади. Бу ҳам фуқароларимизга яратилаётган қулайликлар доирасини янада кенгайтириши билан аҳамиятлидир.
Яна бир эътиборли жиҳат шуки, стратегик ҳужжатга кўра, “Хавфсиз ва тинчликсевар давлат” тамойилига асосланган сиёсат изчил давом эттирилади.
Бу йўналишда Қуролли Кучлар, соҳага масъул бошқа вазирлик ва идораларнинг киберхавфсизлик ҳамда эпидемиологик барқарорликни таъминлаш бўйича салоҳияти кескин оширилади.
Бу борада киберхавфсизлик инфратузилмасининг муҳим элементлари ҳисобланувчи ахборот тизимлари аттестацияси ва экспертизаси учун ҳар бир вазирлик ва идорада масъул шахслар жавобгарлиги белгиланади.
Мазкур йўналишларда кадрлар тайёрлаш бўйича ўқув дастурлари ва ўқитиш методикаларини замонавий таҳдид ва тажрибадан келиб чиққан ҳолда такомиллаштириш чоралари кўриб борилиши белгиланди.
Мамлакатимизнинг рақамли ва ҳарбий-тиббий инфратузилмасини такомиллаштириш, масъул идораларни замонавий техника ва тиббиёт аппаратуралари билан босқичма-босқич таъминлаш дастури амалга оширилади.
Фуқаролар шахсий маълумотларининг ҳимоясини кафолатли таъминлаш бўйича, шунингдек, банк ва тўлов тизимлари учун фирибгарликка қарши ва замонавий биометрик тизимлар жорий этилади.
Буларнинг барчаси халқимизнинг ҳаёт даражаси янада яхшиланишига, мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузи ошишига хизмат қилади.
Норгул Абдураимова, ЎзА