Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 2030 йилгача Глобал кун тартибидаги Барқарор ривожланиш мақсадларини изчил амалга ошириш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2030 йилгача 16 та Барқарор ривожланиш миллий мақсади ҳамда шу билан боғлиқ 125 вазифа тасдиқланган.

Барқарор ривожланиш мақсадлари нима учун “ҳеч кимни ортда қолдирмаслик” тамойилига асосланади? Ким қайси соҳада четда қолиб кетяпти?… Глобал миқёсда 17 барқарор ривожланиш мақсади тасдиқланган, Ўзбекистонда шуларнинг 16 таси қабул қилинган. Бунинг сабаби нимада?

Барчага ассалому алайкум! Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги янги лойиҳага қўл урди. Тўғрисини айтсам, жамоамиз билан узоқ ўйладик.

Мамлакатимизнинг халқаро майдонда мисқоллаб йиғаётган мавқеи, ҳамкор давлатлар билан босқичма-босқич оқилона сиёсат юритаётгани жаҳон ҳамжамияти эътирофига сазовор бўлмоқда.

Ўзбекистоннинг барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш йўлидаги саъй-харакати тўғрисида кенг жамоатчиликка батафсил маълумот бериш, глобал муаммолар, турли хавф-хатарларга қарши кураш бўйича жаҳон тажрибасини таҳлил этиб бориш учун “Мақсад” номли янги лойиҳа йўлга қўйилаётганини эълон қиламиз.

Лойиҳа номи нима учун “Мақсад”?

Президент Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеяси 75-сессиясидаги нутқида минтақавий ва глобал миқёсда тинчликни мустаҳкамлаш, барқарор тараққиётни таъминлаш, конструктив мулоқотни кенгайтириш, шунингдек иқлим ўзгариши, озиқ-овқат хавфсизлиги муаммосини ҳал қилиш, қашшоқликка барҳам бериш ва камбағалликни қисқартириш каби долзарб масалалар юзасидан қатор ташаббусларни илгари сурган эди.

Бош Ассамблея резолюциясига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси “2030 йилгача бўлган даврда Барқарор ривожланиш мақсадлари соҳасида миллий мақсад ва вазифаларни амалга ошириш”ни зиммасига олган.

2015 йил БМТга аъзо 193 давлат томонидан Барқарор ривожланиш мақсадлари қабул қилинган. Жумладан, Ўзбекистон ҳам камбағалликни қисқартиришдан тортиб, озиқ-овқат хавфсизлиги-ю, таълим, соғлиқни сақлаш, экология каби муҳим йўналишларни қамраб олган барқарор ривожланишга оид ана шу 17 мақсаднинг 16 тасини амалга ошириб келмоқда.

Лойиҳамиз доирасида айни 16 мақсаднинг мазмун-моҳияти билан бирга “камбағалликни қисқартириш”, “озиқ-овқат хавфсизлиги ва овқатланиш”, “сифатли таълим”, “иқлим ўзгаришига қарши кураш” каби тасдиқланган ҳар бир долзарб мақсадни амалга ошириш йўлидаги вазифалар, жараёнда йўл қўйилаётган камчиликлар, мавжуд муаммолар хусусида маҳаллий ва халқаро экспертлар билан суҳбатлар уюштирилади.

Биринчи мақсад – қашшоқликка барҳам бериш. Шунинг учун подкастимизнинг илк сони айни мавзуга бағишланади.

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги вакили, Давлат статистика қўмитаси бўлим бошлиқлари, Парламент комиссияси раиси, БМТ Тараққиёт дастури эксперти ва Барқарор ривожланиш маркази мутахассиси ўз йўналишларидан келиб чиқиб, қизиқарли маълумотлар, фактлар билан ўртоқлашади.

Биз билан қолинг, экспертлар фикр-мулохазасига муносабатингизни билдириб боринг.

Эътиборингиз учун раҳмат!

Лойиҳа Барқарор ривожланиш маркази билан ҳамкорликда тайёрланади.

Беҳруз Худойбердиев,

Асдиддин Алижонов (видео), ЎзА