Пойтахтимизда бўлиб ўтаётган “Ўзбекистон ва Хитой: икки халқ фаровонлиги йўлида ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш” мавзусидаги халқаро конференциянинг ҳозиргина бошланган дастлабки сессияси “Ҳар томонлама кенг қамровли стратегик шериклик: Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги муносабатларнинг янги босқичи” деб номланган.

Президент ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Элдор Арипов бошқариб бораётган мазкур сессияда икки давлатнинг яна бир қатор тажрибали экспертлар бевосита ва онлайн шаклда сўзга чиқиши кутиляпти.

Э.Арипов таъкидлаб ўтганидек, ҳозир Ўзбекистон ва Хитой етакчи таҳлилий марказлари ўртасида изчил ҳамкорлик йўлга қўйилган. Давлатимиз раҳбарининг Хитойга сўнгги ташрифи олдидан Чин юртида ҳам худди шундай нуфузли анжуман ташкил этилган эди.

Бинобарин, бу галги тадбир моҳиятан аввалгиларидан кескин фарқ қилади. Аниқроғи, Хитойнинг Ижтимоий фанлар академияси, Давлат Кенгаши ҳузуридаги Ривожланиш тадқиқот маркази, халқаро муносабатлар масалалари билан шуғулланувчи бир неча академияси ҳамда мамлакатимиз томонидан ТИВ ҳузуридаги Халқаро алоқалар ахборот-таҳлил маркази, Президент Админмистрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази раҳбарлари ва мутахассисларининг мунозарали чиқишлари сўнгги пайтда тез-тез тилга олинаётган, мамлакатларимиз ҳамкорлигининг жорий хусусиятини тўла ифода этадиган “ҳар қандай шароитда кенг қамровли стратегик шериклик” ибораси асл мазмунини очиб беришга қаратилган.

Ғ.Хонназаров,

Р.Назарматов (сурат), ЎзА