Яна бир дори воситасининг сертификатланмагани аниқланди

Ўзбекистон дорихонларида айни пайтда сотувда бўлган, «ВИПС-МЕД» МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилган «БАР-ВИПС» препаратиинг сертификатлаштирилмаган 520723 серияси аниқланди!
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги “Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази” аҳолини оғиз орқали юбориш учун мўлжалланган суспензия тайёрлаш кукуни шаклидаги «БАР-ВИПС» препаратининг 520723 серияси сертификатлаштирилмаганидан огоҳлантирмоқда. Айни пайтда марказ лабораториясида мазкур дори воситасининг сифати текширилмоқда.
Айни пайтда Ўзбекистонда 15 минг 799 та дорихоналар фаолият юритаётган бўлса, ушбу дорихоналар пештахталарида «БАР-ВИПС» препаратининг сертификатлаштирилмаган 520723 серияси буткул олиб ташланмаган бўлиши мумкин.
Шу боис “Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази” Ўзбекистон Республикаси ҳудудида дори воситалари ва тиббиёт буюмларининг чакана савдоси билан шуғулланувчи (идоравий мансублигидан, мулкчилик ва бошқарув шаклидан қатъий назар) барча ташкилотларни огоҳликка чақириб, “БАР-ВИПС” препаратининг сифатини тасдиқловчи мувофиқлик сертификатига эга бўлмаган 520723 серияси (яроқлилик муддати 08.2025) ни зудлик билан сотувдан чиқариб ташлашини сўрамоқда.
Шунингдек, соғлиқни сақлаш соҳаси мутахассисларидан «ВИПС-МЕД» МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилган “БАР-ВИПС” дори воситасини тиббий мақсадларда қўллаш вақтида ўрамда кўрсатилган серияларга эътибор беришни ҳамда “БАР-ВИПС” препаратининг 500820, 530820, 510820, 520820, 540820, 370622, 380622, 480722 серияларигина тиббиёт амалиётида қўллаш учун тасдиқланганлиги маълум қилинди.
Сертификатлаштирилган фармацевтика маҳсулотлари ҳақида эса ушбу (https://uzpharm-control.uz/uz/registries/certified-medicines ) ҳавола орқали танишиш мумкин.
Маълумот учун, “БАР-ВИПС” дори препаратининг 500820, 530820, 510820, 520820, 540820, 370622, 380622, 480722 каби серияларигина мамлакатимизда тиббиёт амалиётида қўллашга рухсат этилган бўлиб, уларнинг сифатини тасдиқловчи тегишли мувофиқлик сертификатлари расмийлаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, дори воситалари ва тиббий буюмларни мувофиқлик сертификатларисиз сақлаш ёки реализация қилиш лицензия талаблари ва шартларининг қўпол равишда бузилиши ҳисобланади. Бу эса берилган лицензияни бекор қилишга олиб келади.
М.Эшмирзаева, ЎзА