Бугунги кунда баҳолаш фаолиятини тартибга соладиган амалдаги қонунчилик ҳужжатларида айрим муаммолар мавжуд. Хусусан, суд экспертлари ва баҳоловчи ташкилотлар учун умумий баҳолаш қоидалари ҳамда тартиблари белгиланмаганлиги ушбу соҳани такомиллаштириш юзасидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш заруратини юзага келтирмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида муҳокама қилинган баҳолаш фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси билан “Баҳолаш фаолияти тўғрисида”ги қонунга баҳоловчилар назорат қилувчи ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ўтказадиган текширишларда ва бошқа тадбирларда баҳоловчи ташкилот ҳамда ушбу органлар ўртасида тузилган шартнома асосидагина эксперт сифатида ҳам иштирок этиши мумкинлигини назарда тутувчи ўзгартириш киритилмоқда.

Бундан ташқари, “Суд экспертизаси тўғрисида”ги қонунга баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботларда қўлланилган усулларни илмий асосланганлиги юзасидан суд экспертизасини уч йил иш стажига эга бўлган суд экспертлари томонидан ўтказилишига йўл қўйилиши бўйича қўшимча киритилмоқда. Шунингдек, текширишларни ўтказишда суд экспертининг хулосасига қўйилган талабларга, шунингдек, тегишли соҳадаги қонунчилик ҳужжатларига амал қилиш бўйича суд экспертининг мажбурияти назарда тутилмоқда.

Мажлисда қайд этилганидек, ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботларнинг ишончлилигини текширишдаги муаммоларнинг бартараф этилишига, фуқароларимизнинг ортиқча чиқимдорлигини камайтирилишига, шунингдек, республикада мол-мулкнинг ҳақиқий қийматини аниқлашда ягона ёндашувнинг жорий этилишига хизмат қилади.

Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.

М.Комилова, ЎзА