Бугун Тошкентда “ICCI 2024″ – Қурилиш саноати халқаро анжумани доирасида “Янги Тошкент шаҳрини барпо этиш” лойиҳасининг тақдимоти бўлиб ўтди.

CCА халқаро компанияси ва қатор маҳаллий ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу тадбирда маҳаллий ва хорижлик мутахассислар, экспертлар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Унда сўз олганлар Президентимизнинг 2023 йил 20 июлдаги “Янги Тошкент шаҳрини барпо этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси бўйича амалга оширилаётган ишларга асосий урғу берди.

Ушбу қарор ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Янги Тошкент шаҳрини барпо этиш дирекцияси ташкил этилди.

Тадбирда Янги Тошкент шаҳрини барпо этиш дирекцияси директорининг ўринбосари Баҳром Ризаев қуйидагиларни қайд этди: 

– Президентимизнинг 2023 йил 20 июлдаги қарори асосида Тошкент вилоятининг Тошкент шаҳрига туташ Юқори Чирчиқ ва Ўрта Чирчиқ туманлари ҳудудида Янги Тошкент шаҳрини барпо этиш кўзда тутилган. Шунга асосан мазкур туманлар ҳудудидан 19 720,9 гектар ер майдони танлаб олиниб, дастлабки босқичда 2 420 гектар ер майдонида қурилиш ва ободонлаштириш амалга оширилиши режалаштирилган. Янги Тошкент шаҳрининг Бош режаси лойиҳасини тезкор ва сифатли ишлаб чиқариш мақсадида Сингапурнинг “Meinhardt Pte.Ltd” ва Буюк Британиянинг “Cross-works” компаниялари жалб этилган. Бугунги кунда биринчи босқичнинг Бош режаси ишлаб чиқилган ва айни пайтда тасдиқланиш жараёнида. Шу жумладан, биринчи босқич ҳудуди учун батафсил режалаштириш лойиҳаси тайёрланди. Биринчи босқичнинг Бош режаси асосида 2024-2026 йиллар давомида Миллий кутубхона, Миллий драма театри, Алишер Навоий номидаги ижод мактаби ва мақом маркази, Янги Ўзбекистон университети, Вебстер университетининг янги кампуси ва ўқув бино иншоотлари ҳамда шаҳарнинг транспорт, муҳандислик инфратузилма объектлари қурилиши кўзда тутилган, – деди у.

Шунингдек, тадбирда Янги Тошкент шаҳрида қурилиш ишларини тартибга солиш, энергия ва сув ресурсларидан фойдаланиш, аҳолининг яшаш шароити ҳамда экологик вазиятни яхшилаш мақсадида “Яшил” қурилиш соҳасидаги “LEED”, “BREEAM” ва “EDGE” стандартлари жорий этилиши ва ушбу лойиҳани барпо этиш стратегиялари тўғрисида маълумот берилди.

Таъкидлаш керакки, айни пайтда Янги Тошкент шаҳрида барпо этиладиган ҳудудни ривожлантириш бўйича 21 лойиҳа ишлаб чиқилиб, мазкур лойиҳаларга қизиқиш билдирган инвесторлар билан музокаралар олиб борилмоқда.

Насиба Зиёдуллаева, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА