Эртага Тошкент шаҳрида Марказий Осиё халқаро институти ва Хитойнинг Ўзбекистондаги элчихонаси ташаббуси билан “Ўзбекистон ва Хитой: икки халқ фаровонлиги йўлида ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш” мавзусида халқаро конференция ўтказилади.

Шунингдек, Президент ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, Ўзбекистондаги Хитой корхоналари Савдо-саноат палатаси ва Хитой халқаро муаммолар академияси ҳам форум ҳамкорлари ҳисобланади.

Икки давлат етакчи таҳлилий марказлари, вазирлик ва идоралар вакиллари, мамлакатимиздаги Хитой компаниялари раҳбарлари иштирок этадиган мулоқот давомида давлатимиз раҳбарининг жорий йил 23-25 январь кунлари Хитойга давлат ташрифи, жумладан ХХР Раиси Си Цзиньпин билан музокаралари натижалари муҳокама қилинади.

Етакчилар томонидан имзоланган Қўшма баёнотда “Янги давр учун ҳар қандай об-ҳаво шароитида кенг қамровли стратегик шериклик” ўрнатилиши эълон қилинган. Ташриф доирасида 15 та ҳукуматлараро, идоралараро ва ҳудудлараро битим тузилган. Хитой банклари томонидан лойиҳалар молиялаштирилиши кўламини кенгайтириш, юртимизда Экспорт-импорт банки ваколатхонасини очиш, Ипак йўли жамғармаси билан янги Инвестиция платформаси яратиш бўйича қарор қабул қилинган. Инфратузилмани ривожлантириш ва саноат кооперацияси дастурларини кенгайтириш бўйича келишувга эришилган.

Анжуман давомида стратегик шерикликни чуқурлаштириш, саноат ва ҳудудлараро ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари юзасидан ҳам фикр алмашиш режалаштирилган.

Ўзбекистон ишбилармон доиралари ва Хитойнинг мамлакатимиздаги етакчи компаниялари вакиллари томонидан амалга оширилаётган лойиҳаларнинг ижтимоий самарасига алоҳида эътибор қаратилади.

Муҳим йўналишларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш, алоқаларнинг икки мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланишига ижобий таъсирини кучайтириш бўйича таклифлар илгари сурилади.

Ғ.Хонназаров, ЎзА