Қирғиз театри Оролбўйида

Бакен Кидикеева номидаги Қирғиз давлат ёш томошабинлар ва ўсмирлар театри жамоаси ижодий сафар билан Оролбўйида бўлди.

Меҳмонлар И.Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейи ва Нукус шаҳрининг бошқа диққатга сазовор жойларини томоша қилди. Қирғизистон халқ артисти Назира Мамбетова, Қирғиз Республикасида хизмат кўрсатган артист Темирлан Сманбековлар Қорақалпоқ давлат ёш томошабинлар театри жамоаси билан учрашди ва маҳорат дарсларини ўтди.

Қорақалпоқ театр ихлосмандлари эътиборига қирғиз драматурги Кайрат Иманалиевнинг “Умид” номли моноспектакли ҳавола этилди.

ERASMUS+ дастури фаолиятига бағишланди

Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалида Европа иттифоқининг ERASMUS+ дастури фаолиятига бағишланган учрашув бўлиб ўтди.

Талаба-ёшларга миллий экспертлар томонидан Европа Иттифоқининг Erasmus+ дастурининг мақсади ва вазифалари, дастур доирасида амалга оширилган йирик лойиҳалар, эришилган натижалар хусусида атрофлича маълумотлар берилди. Ушбу дастур интилувчан ёшларни таълим ва спорт соҳасидаги лойиҳаларга жалб қилган ҳолда уларни амалий қўллаб-қувватлашга қаратилган.

Тадбир давомида иштирокчиларга “Олий таълимда салоҳиятни ривожлантириш” йўналиши бўйича танлаб олинган лойиҳалар ва уларга ажратилган бюджет маблағлари бўйича статистик маълумотлар тақдим этилди.

Талаби-ёшлар дастур бўйича ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

“Оқтуба”да янги боғча фойдаланишга топширилди

Кегейли тумани “Оқтуба” овул фуқаролар йиғинидаги “Янги Ўзбекистон” массивида 180 ўринга мўлжалланган мактабгача таълим ташкилоти фойдаланишга топширилди.

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда сўзга чиққанлар мамлакатимизда мактабгача таълим ташкилотларини тубдан ислоҳ қилиш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, янги муассасалар ташкил этиш, болалар қамровини кенгайтириш борасида амалга оширилаётган ишларга тўхталди.

Янги боғча учун республика бюджети ҳисобидан 6 миллиард 305 миллион сўм маблағ ажратилган бўлиб, қурилиш ишлари “Granit montaj stroy” масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан амалга оширилди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири