Пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ” миллий кўргазмалар мажмуида “Қурилиш – UzBuild 2024″ халқаро кўргазмаси ўз ишини бошлади.

“Iteca Exhibitions” халқаро кўргазмалар компанияси, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу тадбирда 19 мамлакатдан 450 дан ортиқ компания ўз имкониятларини намойиш этмоқда.

Кўргазманинг тантанали очилиш маросимида қайд этилганидек, мазкур халқаро тадбир маҳаллий ва хорижлик ишлаб чиқарувчиларни бир мақсадга бирлаштиради. Шунингдек, кўргазма уларни мулоқот қилишга, бир-бирининг фаолияти билан танишишга ва ҳамкорликка ундашга хизмат қилади.

Пойтахтимизда 25-маротаба ўтказилаётган мазкур кўргазма соҳадаги энг илғор ютуқлар, замонавий технологиялар, қурилиш материаллари, сантехника ва коммуникациялардан тортиб, мебель ва маиший техникагача бўлган турли хил маҳсулотлар намойишини ўзида жамлагани билан аҳамиятлидир. Унда хорижий иштирокчилар улуши 81 фоизни ташкил этса, маҳаллий компаниялар стендларидан эса қурилиш ва пардозлаш материаллари секторлари маҳсулотлари, деразалар, эшиклар, фасадлар, цемент ва бетон буюмлар, қурилиш аралашмалари, металлургия маҳсулотлари, изоляцион материаллар каби маҳсулотлар ўрин олган.

Кўргазма билан танишиш чоғида иштирокчиларнинг айримлари билан суҳбатда бўлдик.

– “Ytong“ заводимиз 2022 йилда ўз фаолиятини бошлаган ва унда автоклав газобетонлари ишлаб чиқарилади. Ютуғимиз шуки, қисқа вақт мобайнида ўз мижозларимизга эга бўлдик. Ҳозирги кунда нафақат Ўзбекистон ҳудудига, балки қўшни давлатларга ҳам маҳсулотларимизни экспорт қиляпмиз. Таъкидлаш керакки, “Ytong“ Германия бренди ҳисобланади ва унга 1929 йилда асос солинган. Иккинчи бор қатнашаётган кўргазмадан умидимиз катта, – деди Тошкент шаҳридаги ”Ytong“ газоблок заводи савдо бўлими ходими Шамсиддин Маҳкамов.

– Юртингизда ўтказилаётган кўргазмада илк бор иштирок этяпмиз, –деди Туркиянинг “Albond“ компанияси савдо менежери Гулум Фатма Биндебир. – Мақсадимиз эса ҳамкорлар билан шартномалар тузишдир. Корхонамизда асосан алюминий композит панеллар ишлаб чиқарилади. Маҳсулотларимиз сифати олий даражада ва бизни кўпроқ Европа бозорида яхши билишади. Ўзбекистонлик ҳамкорлар билан ҳам кўп йиллар ишлаш ниятида юртингизга келдик.

Кўргазма доирасида Қурилиш саноати халқаро анжумани ҳам бўлиб ўтмоқда. Унда Буюк Британия, Қозоғистон, Россия Федерацияси, Туркия, Ўзбекистон, Бирлашган Араб Амирликларининг 20 дан ортиқ мутахассислари иштирок этмоқда.

Насиба Зиёдуллаева, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА