Қорақалпоғистон Республикаси Божхона бошқармаси контрабандага қарши курашиш бўлими ва товарларни классификациялаш гуруҳи ходимлари томонидан ҳудудда фаолият юритувчи тадбиркорлик субъектларидан бирининг номига импорт тартибида хориждан олиб кирилган товарлар қайта мониторинг қилинди.

Натижада ҳужжатларда тегишли товарлар номенклатураси бўйича “Иссиқ амиакланган шўр сув учун марказдан қочма насос” товари коди остида олиб кирилган жами 12 та насос аслида бошқа товар эканлиги фош этилди. Гап шундаки, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 4 июндаги  “Ўзбекистон Республикаси ҳудудига импорт қилишда божхона божи ва қўшилган қиймат солиғидан озод этиладиган, ўхшаши республикада ишлаб чиқарилмайдиган янги технологик асбоб-ускуналар рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига асосан насосларнинг айнан ушбу тури учун божхона божи ва қўшилган қиймат солиғидан имтиёз берилиши назарда тутилган. Тадбиркор аслида бу турдаги насосни эмас, аксинча, имтиёзга тушмайдиган бошқа турини олиб кирган бўлсада, гўёки имтиёзга тушадиган тури деб кўрсатиб, божхона тўловларидан қочишга уринган.

Ушбу ҳолатда божхона тўловларидан тақдим этилган имтиёзлар бекор қилиниб, давлат бюджетига 608 миллион 137 минг сўм қийматидаги божхона тўлови ундириб олинди.

Худди шу турдаги насос товарлари билан боғлиқ яна бир ҳолатда бошқа бир тадбиркорлик субъекти номига олиб кирилаётган жами 29 дона насос тадбиркор томонидан “имтиёзли товар” дея кўрсатилган бўлсада, “Нукус” ТИФ божхона пости ходимлари томонидан божхона назорати амалга оширилиши жараёнида олиб кирилган товар кодлари ҳужжатларда кўрсатилган товарларникига мос эмаслиги аниқланди. Ушбу ҳолатда жами 2 миллиард 206 миллион сўм миқдоридаги божхона тўлови давлат бюджетига ундириладиган бўлди.

 

Довуд Абибуллаев,  

ЎзА мухбири