Пойтахтимизда 1-3 март кунлари дзюдо бўйича “Катта дубулға” туркумига кирувчи мусобақа ўтказилади.

Ҳозирда дзюдо бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари Тошкент вилоятидаги “Дукент” спорт базасида мазкур мусобақа олдидан сўнгги ўқув-машғулот йиғинини ўтказмоқда. Терма жамоамиз бош мураббийи Илиас Илиадис бошчилигида ўтаётган йиғинда полвонларимиз техник ва тактик ҳамда жисмоний ҳолатни яхшиловчи машғулотларни амалга оширмоқда.

Шунингдек, Тошкентда “Катта дубулға” турнирига аёллар ўртасидаги терма жамоамиз ҳам муносиб тайёргарлик кўрмоқда. Улар билан бирга ҳозирда Қозоғистон аёллар терма жамоаси ҳам қўшма ўқув-машғулот йиғинини ўтказмоқда.

Эслатиб ўтамиз, “Катта дубулға” мусобақасида дунёнинг 72 давлатидан 500 нафардан зиёд дзюдочилар медаллар билан бир қаторда “Париж-2024″ Олимпия ўйинларининг муҳим рейтинг очколари учун ҳам курашади.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА