Ўзбекистон Республикаси Президенти

Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийларига

Ҳурматли Шавкат Миромонович,

Қадрли биродарим,

Аввало, Сизга ўзимнинг самимий саломларимни йўллаб, Туркманистон ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги дўстлик, қардошлик ва яхши қўшничилик муносабатларини ривожлантириш ҳамда мустаҳкамлашга қўшаётган улкан шахсий ҳиссангиз учун чуқур миннатдорлик билдираман.

Сизнинг буюк туркман шоири ва мутафаккири Махтумқули Фироғий таваллудининг 300 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида қабул қилган қарорингиз бунинг яна бир яққол ифодаси бўлди.

Гуманист ва маърифатпарвар шоир сифатида ўзининг ижоди ва фалсафий мероси билан инсоният маънавий хазинасидан абадий жой олган Махтумқули Фироғийнинг жаҳон адабиёти ва маданияти тарихидаги алоҳида ўрни ҳақидаги фикрларингизга тўлиқ қўшиламан. Ва албатта, биз Махтумқулининг туркман ва ўзбек халқларининг ўзаро қардошлиги, дўстлиги ҳамда муштарак тақдирлари пойдеворини яратишга қўшган улкан ҳиссаси тўғрисида ҳамиша чуқур миннатдорлик ва ғурур туйғуси билан гапирамиз.

Ўзбекистон Махтумқулининг ҳаёти ва ижодида алоҳида ўрин эгаллайди. Улуғ шоир Хивада таълим олиб, Ўзбекистон тарихини жуда яхши ўрганиб, ушбу заминга чинакам меҳр, унинг халқи ва анъаналарига катта ҳурмат ва эҳтиром ришталари билан боғланди.

Бугунги кунда Махтумқулининг шеърлари ўзбек тилида янграётгани, Ўзбекистондаги мактаб ва университетларда ўрганилаётгани табиий ҳолдир. Худди шу каби Туркманистонда ҳам Алишер Навоий, Мирзо Улуғбек, Мунис Хоразмий каби буюк ўзбек шоирлари, аллома ва мутафаккирларини билишади ва ҳурмат қилишади.

Ишончим комилки, Ўзбекистонда Махтумқули Фироғий таваллудининг 300 йиллиги кенг нишонланиши халқларимиз ва давлатларимиз ўртасидаги қардошлик ришталари мустаҳкамлигининг, умумий тарихий тақдиримиз, ўзаро ҳамжиҳатлигимиз ва жипсликка доимо тайёр эканимизнинг яна бир ифодаси бўлади.

Қабул қилган қарорингиз учун яна бир бор миннатдорлигимни қабул қилишингизни сўрайман.

Фурсатдан фойдаланиб, Сизга мустаҳкам сиҳат-саломатлик, бахт-саодат, давлатчилик ва сиёсий фаолиятингизда янги ютуқлар, Ўзбекистон халқига эса тинчлик ва равнақ тилайман.

Чуқур ҳурмат билан,

Гурбангули БЕРДИМУҲАМЕДОВ,

туркман халқининг миллий етакчиси,

Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси