Жорий йилнинг 27 февраль – 1 март кунлари Тошкент шаҳридаги “Ўзэкспомарказ” марказий кўргазмалар мажмуида “Қурилиш – UzBuild 2024″ халқаро кўргазмаси бўлиб ўтади.

Пойтахтимизда ташкил этилган матбуот анжуманида шу ҳақда сўз борди.

Унда “Iteca Exhibitions” халқаро кўргазмалар компанияси бош директори Нигора Ҳасанова анжуман иштирокчиларига қуйидагича маълумот берди: 

– Аввало, компаниямизнинг асосий мақсади давлатимиз томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар ижросига муносиб ҳисса қўшишдир. Шу сабабли, биз кўп йиллардан буён давлат ташкилотлари ва ҳамкорлар билан биргаликда деярли барча соҳалар бўйича халқаро кўргазмалар ташкил этиб келмоқдамиз.

“Қурилиш – UzBuild 2024″ халқаро кўргазмаси жорий йилдаги илк тақдимотимиз ҳисобланади. Бу йилги кўргазма алоҳида аҳамиятга эга бўлиб, у 25-маротаба ташкил этилмоқда. Айтиш керакки, уни соҳадаги муваффақият ва самарали ҳамкорликнинг амалдаги сарҳисоби дейиш мумкин.

Янги Ўзбекистонда қурилиш соҳаси ривожланишнинг янги босқичига ўтмоқда. Мамлакатимизнинг барча бурчакларида кенг кўламли қурилиш шаҳарларимиз ва қишлоқларимиз қиёфасини тубдан ўзгартириш ва такомиллаштиришга олиб келмоқда. Замонавийлик ва хавфсизлик қурилишнинг асосий мезонларидир. Бундан ташқари, қурилиш саноати иқтисодиётнинг тегишли йўналишлари учун ҳам ҳаракатга солувчи омил ҳисобланади.

2007 йилда ушбу анъанавий кўргазма “Бутунжаҳон кўргазма саноати уюшмаси (UFI) томонидан тасдиқланган тадбир” сертификатини қўлга киритди. Унда шу кунга қадар 45 мамлакатдан 3 минг 503 компания иштирок этди. Улардаги иштирокчилар сони 160 мингдан зиёдни ташкил этди.

Бу йилги “Қурилиш – UzBuild 2024″ кўргазмаси ҳақида тўхталадиган бўлсак, унинг экспозицияси 15 000 квадрат метр майдонни эгаллайди. Унда 19 мамлакатдан 450 дан ортиқ компаниянинг иштироки кутилмоқда. Хорижий иштирокчиларнинг улуши 81 фоизни ташкил этади. Шунингдек, маҳаллий компаниялар стендларида қурилиш ва пардозлаш материаллари секторлари маҳсулотлари, деразалар, эшиклар, фасадлар, цемент ва бетон буюмлар, қурилиш аралашмалари, металлургия маҳсулотлари, изоляцион материаллар каби маҳсулотлар тақдим этилади.

Кўргазма доирасида 27-29 февраль кунлари Қурилиш саноати халқаро анжумани бўлиб ўтади. Унда Буюк Британия, Қозоғистон, Россия Федерацияси, Туркия, Ўзбекистон, Бирлашган Араб Амирликларининг 20 дан ортиқ мутахассислари маъруза қилади.

Ўйлаймизки, ушбу йирик халқаро тадбирлар мамлакатимизнинг қурилиш ва қурилиш материаллари соҳалари учун янги имкониятларни очади ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилар фаолиятида муҳим роль ўйнайди.

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА