Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги томонидан мамлакатимиздаги мавжуд спорт мактабларида ўтган йили амалга оширилган ишлар ва жорий йилда қилинадиган ишлар режаси маълум қилинди.

Унга кўра, 2023 йилда спорт мактабларида шуғулланувчилар сони 327 минг нафарга етди. Олимпия спорт турлари бўйича қўшимча 13,7 мингта янги спорт секциялари ташкил этилди.

19-30 ёшдаги 9,4 минг нафар уюшмаган ёшлар спорт мактабларига жалб этилиб, маълум бир спорт турларига йўналтирилди.
Мамлакатимиздаги мавжуд спорт мактабларида 11,6 минг нафар оммавий спорт селекция ташкил этилиб, аҳолининг шуғулланиши учун шарт-шариттлар яратилди.

Ўтган йил давомида мамлакатимизда умумий ҳисобда 4,9 мингта спорт мусобақалари ўтказилиб, спортчилар, спорт жамоалари учун 765 та ўқув-машғулот йиғинлари ташкил этилди.

Мамлакатимизда оммавий спортни ривожлантириш, маҳоратли спортчиларни танлаш, саралаш ва халқаро мусобақаларга тайёрлаш мақсадида 2024 йил давомида Ўзбекистонда 2,5 минг нафар мураббийларнинг малакаси ошириш, разрядли спортчилар сонини 25 минг нафарга етказиш назарда тутилмоқда.

Шунингдек, ўтаётган йилда юртимизда 254 та мактаблараро мусобақалар тизимини йўлга қўйиш, бир қатори халқаро мусобақалар, оммавий спорт тадбирларини ташкил этиш, аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини янада кенг ёйиш орқали иқтидорли ёш спортчиларни аниқлаш бўйича янги-янги лойиҳаларни татбиқ этиш режалаштирилмоқда.

Т.Рўзиев, ЎзА