Беларусь телеграф агентлиги – БелТА матбуот марказида “Ўзбекистон – Беларусь: вақт синовидан ўтган шериклик” мавзусида давра суҳбати уюштирилди.
Қатор вазирлик, идоралар, турли ташкилотлар вакиллари иштирок этган тадбирда мамлакатимизнинг Минскдаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Раҳматулла Назаров ўтган йил якуни бўйича республикамиз эришган юқори макроиқтисодий кўрсаткичлар, жамиятимиз тараққиётидаги ижобий ўзгаришлар хусусида батафсил маълумот берди.
– 2023 йил Ўзбекистон иқтисодиёти аввалги йилга нисбатан 6 фоиз ўсди, – деди дипломат. – Аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулот 2468 долларга кўтарилди. Ташқи савдо айланма 62,6 миллиард долларга етиб, 2022 йилга қараганда 23,9 фоиз кўтарилди. Минтақадаги йирик иқтисодиётлардан бири ҳисобланадиган, шу билан бирга изчил ва жадал ривожланаётган Ўзбекистон Беларусь учун муносиб шерик.
“БелТА” ёзишича, элчимиз ўзаро инвестиция фаоллиги сезиларли даражада ошганига ҳам эътибор қаратган. Ҳар икки давлат фаоллик, барқарорлик намоён этаётгани қайд этилди.
Р.Назаров Беларусь Президенти Александр Лукашенконинг яқинда юртимизга амалга оширган ташрифига ҳам тўхталиб, олий даражадаги учрашув ва мулоқотлар, икки давлатнинг тегишли вазирлари, вилоятлар ва тармоқ раҳбарлари иштирокидаги кенгайтирилган музокаралар муваффақиятли ўтказилганини таъкидлади.
Давра суҳбати давомида саноат кооперациясини ривожлантириш, Беларусь универсал товар биржаси билан бизнес-шерикликни йўлга қўйиш, парламентлараро мулоқот ўрнатиш, илмий ишланмаларни тижоратлаштириш, ветеринария дори воситалари етказиб бериш, таълим, транспорт, логистика ва соғлиқни сақлаш соҳаларида ҳамкорлик қилиш каби масалалар ҳам кўтарилган.
ЎзА