Ҳозирда автомобилни аукцион савдоларига чиқариш чоралари кўрилмоқда.

Йўллар барчага бирдек тегишли, ундан фойдаланишда бошқаларнинг ҳуқуқларига дахл қилиш мумкин эмас. Аммо, баъзан “йўл фақат меники” қабилида автомобиль бошқараётган ҳайдовчиларга дуч келамиз.

Айниқса, тезликни ҳаддан оширган ҳайдовчилар бошқа йўл ҳаракати иштирокчилари ҳаётига ҳам хавф солади.

Шундай қоидабузарликларни қилган «Jetour» автомобили видеокамералар объективига 175 марта тушган. Йўл ҳаракати қоидаларига амал қилмаган автомобиль эгасига  83,6 миллион сўм жарима ёзилди.

Бироқ, у жарималарни ўз вақтида тўламаган. Мазкур иш Мажбурий ижро бюросининг Сергели тумани бўлими иш юритувига келиб тушган. Қарздор фуқарога бир неча марта огоҳлантиришлар берилган бўлса ҳам бу унга кор қилмаган.

Оқибатда фуқарога тегишли бўлган  «Jetour»  автомашинаси  пойтахт кўчаларида ҳаракатдан ушланиб, жарима майдонига жойлаштирилди.

Ҳозирда автомобилни аукцион савдоларига чиқариш чоралари кўрилмоқда. Савдолардан тушган пул маблағлари қарздорликни қоплаш учун давлат фойдасига йўналтирилади.

Мажбурий ижро бюроси Тошкент вилояти бошқармаси томонидан суд қарорларига асосан қарздор деб топилган 917 нафар шахсга нисбатан қидирув эълон қилинган. Уларни қидириб топишга қаратилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида 723 нафари топилган.

Бюронинг Олмалиқ шаҳар бўлими иш юритувида фуқаролик ишлари бўйича Жиззах туманлараро судининг ижро ҳужжатига асосан қарздор О.С.дан, ундирувчи Ф.С. фойдасига бир нафар фарзанди моддий таъминоти учун алимент ундириш белгиланган. Бироқ, қарздор фарзанди учун алимент қарзини тўлашдан бўйин товлаб, бир неча йиллардан буён яшириниб юрган. Шу сабабли, унинг қарзи қарийб 125 миллион сўмга етган.

Давлат ижрочиси томонидан унга нисбатан қидирув эълон қилинган. Тезкор қидирув ходимлари томонидан олиб борилган тадбир натижасида қарздор тезкор ходимлар томонидан ушланиб, Жиноят ишлари бўйича Олмалиқ шаҳар судининг қарорига асосан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-4-моддасига асосан ўн беш суткага қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди. Бу таъсир чораси оқибатсиз отани инсофга келтирса ажаб эмас.

Норгул Абдураимова, ЎзА