Хабарингиз бор, шу кунларда Европа ва Осиё қитъасида чемпионлар лигасининг 1/8 финал босқичи учрашувлари ўтказилмоқда.

Осиё чемпионлар лигасида бугунга қадар чорак финал босқичига йўл олган учта жуфтлик аниқланди. Унга кўра, 4 март куни “Ал-Айн” (БАА) – “Ал-Наср” (Суадия Арабистони), 5 март куни “Ульсан Хёндэ” (Жанубий Корея) – “Чонбук” (Жанубий Корея) ҳамда 6 март куни “Йокогама Маринос” (Япония) – “Шаньдунг Таишан” (Хитой)  клублари ярим финал йўлланмаси учун ўзаро биринчи учрашувда майдонга тушади.

Мусобақанинг 4 жуфтлиги бугун, 22 февраль куни аниқланади. Аниқроғи, 1/8 финал босқичи жавоб учрашувларида “Ал-Иттиҳод” (Саудия Арабистони) – “Навбаҳор” (Ўзбекистон), “Ал-Ҳилол” (Саудия Арабистони) – “Сепахон” (Эрон) клублари майдонга тушади. Айнан шу жуфтлик ғолиблари чорак финалда бир-бирларига қарши рақобатлашади.

Мазкур баҳсларнинг биз учун аҳамиятлиси “Ал-Иттиҳод” ва “Навбаҳор” ўйинидир.

Европа чемпионлар лигасининг нимчорак финалидан ўрин олган “Наполи” – “Барселона” ва “Порту” – “Арсенал” клублари ўртасидаги илк учрашувлар бўлиб ўтди.

“Наполи” – “Барселона” баҳсида 1:1 ҳисоби қайд этилган бўлса, “Порту” ўз майдонида “Арсенал”ни 1:0 ҳисобида таслим қилди. Энди ушбу жамоалар 13 март куни жавоб ўйинида тўқнаш келади.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА