Ҳар йили 21 февраль куни дунёнинг кўплаб мамлакатларида Халқаро гидлар куни нишонланади.

Шу муносабат билан Тошкентда VII Ўзбекистон гидлар форуми ўтказилди. Тадбирда 300 нафардан ортиқ халқаро иштирокчи, тажрибали гидлар, туризм соҳасидаги мутахассислар, давлат ташкилотлари, фан ва таълим муассасалари вакиллари иштирок этди. Мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Туризм қўмитаси ва Туризмни ривожлантириш илмий-тадқиқот институти ҳамкорлигида ташкил этилди.

Форумнинг очилишида Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Туризм қўмитаси раиси Умид Шадиев, Ўзбекистон Республикаси олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиратбой Шарипов, Тошкент шаҳар ҳокимининг туризм, спорт, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникациялар масалалари бўйича ўринбосари Фахриддин Давруқов сўзга чиқди.

– Давлатимиз раҳбари томонидан республикада туризм соҳасини жадал равожлантириш борасида олиб борилаётган улкан саъй-ҳаракатларни алоҳида таъкидлаш жоиз, – дейди Туризм қўмитаси раиси Умид Шадиев. –Жумладан, хорижий давлатлардан ташриф буюрувчилар учун виза режими соддалаштирилди. Ҳозирда виза режими соддалаштирилган давлатларнинг сони 93 тага етди. Соҳадаги ислоҳотлар сабаб, ўтган 2023 йилда юртимизга хориждан 7 миллионга яқин турист келди. Уларнинг қолиш муддати ўртача 4 кунгача узайди (1,3 баробар ўсиш). “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” дастурига асосан ҳудудларга 21 миллион маҳаллий сайёҳ ташрифи ташкил этилди.

Маълумки, сайёҳлик маҳсулотининг сифатини таъминлашда меҳмонлар ва сайёҳлар билан тўғридан-тўғри ишлайдиган гидлар, экскурсоводлар муҳим рол ўйнайди.

Форумдан кўзланган мақсад экскурсия соҳасида тажриба ва билим алмашиш, туризм индустриясининг муҳим йўналишлари ва истиқболларини муҳокама қилиш, шунингдек, ўзбекистонлик ва хорижий ҳамкорлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашдан иборат.

Форум доирасида “Экскурсия фаолияти: таълим, фан ва амалиёт симбиози” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди ва унда туризм соҳасининг таниқли олимлари, экспертлари ва таҳлилчилари маъруза қилди.

Шунингдек, Туризмни ривожлантириш илмий-тадқиқот институти билан Туркия, Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг турли таълим ва туризм ташкилотлари ўртасида ўзаро англашув ва ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА