Муддатли ҳарбий хизматга тавсия этишдаги шаффофлик чақирилувчиларнинг ота-оналари томонидан кузатиб борилади

Мамлакатимизда Қуролли Кучлар сафини соғлом ва жисмонан бақувват чақирилувчилар билан бутлаш, уларни тиббий кўрикдан ўтказиш ишларини сифатли ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бу борада Мудофаа ишлари бошқармалари чақирув ва йиғин пунктларида фуқароларни муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви бошланди ҳамда белгиланган хизмат муддатини ўтаб бўлган муддатли ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар резервига бўшатишга тайёргарлик тадбирлари бўлиб ўтмоқда.
Маълумотлар асосида соҳадаги ислоҳотларга назар соладиган бўлсак, 2020 йилдан чақирув ёшидаги фуқароларни тиббий кўрикдан ўтказиш ва уларни муддатли ҳарбий хизматга чақиришнинг янги тизими жорий этилди.
Шунингдек, мудофаа ишлари бошқарма ва бўлимларида “Чақирув” ахборот тизими ишга туширилди. Мазкур тизим Ички ишлар вазирлигининг “Манзил” ва “Хорижга чиқиш паспорти” ахборот тизимлари, “Электрон ҳукумат” платформаси, Адлия вазирлигининг “ФҲДЁнинг ягона электрон архиви” ҳамда Давлат персоналлаштириш маркази билан интеграция қилинди.
Натижада ҳимояланган локал тармоқ орқали мудофаа ишлари бўлимлари ўртасида маълумотлар алмашинуви йўлга қўйилди. Бу орқали республикамиз бўйлаб мудофаа ишлари бўлимларида фуқароларга хизмат кўрсатишда ортиқча қоғозбозлик ва бюрократик тўсиқларга барҳам берилди.
Чақирув даврида шаффофлик ва қонун бузилиши ҳолатларининг олдини олиш бўйича самарали ишлар қилинди. Хусусан, аҳолига “Ягона дарча” тамойили асосида хизмат кўрсатиш турлари электрон тарзда амалга оширилмоқда.
Қайд этиш лозимки, Қуролли Кучлар сафини жисмонан бақувват ва руҳан соғлом фуқаролар билан бутлаш мақсадида муддатли ҳарбий хизматга чақирилиш тартиби икки босқичда ўтказилади.
Бирламчи тиббий кўрик – туман, шаҳар мудофаа ишлари бўлимлари чақирув пунктларида ҳудудий тиббий комиссиялар, чуқурлаштирилган тиббий кўрик эса Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри мудофаа ишлари бошқармаларидаги йиғин пунктларида ҳарбий-тиббий комиссиялар томонидан ташкил этилади.
Чақирилувчиларнинг умумжисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш ва якка тартибда суҳбат ҳамда муддатли ҳарбий хизматга тавсия этилиши мудофаа ишлари бўлимларида ўтказилади. Танловнинг шаффофлигини бевосита кузатиб бориш учун чақирилувчиларнинг ота-оналари ҳам таклиф этилмоқда.
Чақирилувчининг тиббий ҳужжатлари, тавсифномалари, шахсий йиғма жилди ва бошқа ҳужжатлари билан танишиб, шикоятлари сўралиб, анамнез йиғилгач, тиббий текширув ўтказилади.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари томонидан йиғин пунктларида тузилган ҳарбий-тиббий комиссиялар таркибида иштирок этиш учун Мудофаа вазирлиги ҳарбий-тиббий муассасаларидан ҳарбий-тиббий комиссия раислари, жарроҳ, терапевт ва невролог, соғлиқни сақлаш ҳудудий бошқармалари даволаш-профилактика муассасаларидан офтальмолог, оториноларинголог, психиатр, дерматолог ва стоматолог каби мутахассислар тиббий кўрикка жалб этилган.
МИББ чақирув пунктида ҳудудий-тиббий комиссиялар бир иш кунида 50 нафар, МИБ йиғин-пунктида 100 нафар чақирилувчини тиббий кўрикдан ўтказади. Натижалар тиббий эксперт ҳужжатларига киритилади.
Бу ҳақда 21 февраль куни “Мудофаа ишлари бўлимлари фаолиятини рақамлаштириш натижалари ҳамда фуқароларни навбатдаги чақирувда муддатли ҳарбий хизматга чақириш бўйича олиб борилаётган ишлар” мавзусида бўлиб ўтган матбуот анжуманида қайд этилди.
Тадбирда мудофаа вазирининг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси – матбуот котиби полковник Отабек Йўлдошев, Мудофаа вазирлиги бошқарма бошлиғи, подполковник Қадамбой Саидов, Мудофаа вазирлиги Марказий ҳарбий-тиббий комиссияси раиси, тиббий хизмат полковниги Нажмиддин Саидқулов ва бошқа масъуллар иштирок этиб, оммавий ахборот воситалари вакилларининг чақирув масалалари бўйича саволларига жавоб берди.
Абдулазиз РУСТАМОВ, ЎзА