Тадбиркорлик учун қонуний ер ажратиш тартиби қандай?

Ижтимоий тармоқларда ноқонуний қурилишларнинг бузилаётгани тўғрисидаги хабарлар кенг тарқалмоқда. Хўш, тадбиркорлик учун қонуний ер ажратиш тартиби қандай?
Бизнес-омбудсман девони ахборот хизмати раҳбари Гулжамол Шукурова бу борада қуйидагиларни маълум қилди.
–Ер участкалари тадбиркорларга мулк ҳуқуқи ёки ижара ҳуқуқи асосида электрон онлайн аукцион орқали ажратилади. Юридик ва жисмоний шахслар ер участкасини реализация қилиш бўйича аукционда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибларга мувофиқ иштирок этади. Агарда тадбиркорларнинг қонуний мулкий ҳуқуқлари ва манфаатлари бузилаётган бўлса, Бизнес-омбудсманга мурожаат қилишлари сўралади.
Умуман олганда электрон аукционда иштирок этиш ва ер участкаларига эгалик қилиш тартиби қандай?
Агар ер участкалари аҳоли пунктларининг бош режаларига, аҳоли пунктлари қисмларини батафсил режалаштириш лойиҳаларига ёки ҳудудларни комплекс ривожлантириш ва режалаштириш бўйича бошқа ҳужжатларга, хусусан, мастер-режа талабларига ёхуд ер участкаларидан фойдаланишнинг рухсат берилган турларига мувофиқ бўлса, улар мулк ҳуқуқи асосида аукционга қўйилади.
Шаҳарсозлик ҳужжатлари мавжуд бўлмаганда ёки унинг талабларига мос келмаган тақдирда, ер участкалари ижара ҳуқуқи асосида аукционга қўйилади.
Юридик ва жисмоний шахслар ер участкасини реализация қилиш бўйича аукционда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибларга мувофиқ иштирок этади.
Аукцион ғолиби аукцион натижалари тўғрисидаги баённома тушган кундан бошлаб ижара шартномасини электрон рақамли имзо билан тасдиқлайди. Ижара шартномаси тарафлар томонидан имзолангандан сўнг, автоматик равишда «YERELEKTRON» ААТ орқали Давлат кадастрлари палатасининг ҳудудий бошқармасига юборилади.
Давлат активларини бошқариш агентлигининг ҳудудий бошқармаси аукцион савдоси натижалари тўғрисидаги баённомани олган кундан бошлаб 1 иш куни ичида белгиланган шаклда ер участкасига мулк ҳуқуқини берувчи давлат ордерини расмийлаштиради. Белгиланган шаклда уни ўзининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқлайди ва аукцион ғолибининг шахсий кабинетига ҳамда «YERELEKTRON» ААТ орқали Давлат кадастрлари палатасининг ҳудудий бошқармасига юборади.
Давлат кадастрлари палатасининг ҳудудий бошқармаси томонидан ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш давлат ордери тушган кундан бошлаб амалга оширилади.
Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестридан ер участкасига мулк ҳуқуқи ёки ижара ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилгани тўғрисидаги кўчирма операторга «YERELEKTRON» ААТ орқали аукцион ғолибига белгиланган тартибда тақдим этиш учун 2 кун ичида юборилади.
Оператор ер участкасига бўлган ижара ёки мулк ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги кўчирмани олгандан сўнг автоматик тарзда уни ғолибнинг шахсий кабинетига юборади.
Давлат кадастрлари палатасининг туман (шаҳар) филиали ва туман (шаҳар) қурилиш бўлими 3 иш кунида ер участкаси чегараларини жойида (натурада) белгилайди ва ер участкасини натурада кўрсатади.
Гулноза Бобоева, ЎзА