Сингапурлик саккиз ёшли Ашват Каушик классик шахмат турнирида гроссмейстерни ютган энг ёш ўйинчи сифатида тарихга кирди.

Швейцарияда ўтган “Burgdorfer Stadthaus Open” турнирида Ашват польшалик гроссмейстер Яcек Стопани мағлубиятга учратди. Бу ютуғи билан Ашват ажойиб истеъдодини намоён этиши баробарида бир ой аввал гроссмейстер Милко Попчевни енгган сербиялик Леонид Иванович рекордини ҳам янгилади. Эътиборга молик жиҳати, Иванович ҳам саккиз ёш, лекин Ашватдан беш ойлик катта.

Ашват Каушик ким? Ота-онаси ҳиндистонлик бўлган ёш истеъдод соҳиби шахмат оламига тўрт ёшида кириб келган. 2022 йил саккиз ёшгача бўлган ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ғалаба қозониб, ўзига хос салоҳиятини намойиш этган. Унинг Стопа устидан қозонган ғалабаси шунчаки ютуқ эмас, балки кучли чидам, стратегик идрокдан далолат. Зеро, ўйин давомида қийин вазиятга тушиб қолганига қарамай, Ашват вазиятни ўнглаб, охир-оқибат зафар қучди.

Ёш чемпионнинг отаси Срирам Каушик журналистларга берган интервьюсида оиласида спорт анъанаси йўқлиги, ўғлининг шахматга меҳри бобоси ва бувиси туфайли эканини айтган.

Дарвоқе, “Burgdorfer Stadthaus Open” турнирида 12-ўринни эгаллаган Ашват Каушик Халқаро шахмат федерацияси томонидан гроссмейстерлик талабини бажарган дунёнинг энг ёш шахматчиси сифатида эътироф этилди.

Т.Рўзиев, ЎзА