Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги қўшинларида ҳарбий-амалий ва олимпия спорт турларини ривожлантириш, ҳарбий хизматчилар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, энг сара спортчиларни танлаб олиш ва уларни рағбатлантириш мақсадида Шимоли-ғарбий ҳарбий округида “Армия спорти ҳафталиги” жорий этилиб, умумармия спорт мусобақалари ўтказилди.

100 нафардан зиёд спортга меҳр қўйган ҳарбий хизматчини ўзида бирлаштирган мусобақаларда иштирокчилар “Армия қўл жанги”, “Ҳарбий-спорт комплекси кўпкураши”, “Офицерлар уч-кураши” ва “Отиш спорти” бўйича ўзаро куч синашиб, метин ирода, матонат ва ғалабага бўлган кучли иштиёқни намоён этди.

Мусобақалар Нукус гарнизони марказий спорт мажмуаси ҳамда “Нукус” умумқўшин полигони ҳудудида ўтказилди. Ҳар бир беллашув ҳарбий округнинг тажрибали офицерларидан иборат ҳайъат аъзолари томонидан баҳоланди. Шарқ яккакурашлари, бокс ва миллий кураш элементларини ўз ичига олган “Армия қўл жанги” беллашувида ҳар бир жамоадан саккиз нафар иштирокчи саккизта вазнда беллашиб, куч ва матонатни намойиш этди. Мазкур беллашув Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари федерацияси ва амалдаги Халқаро қўл жанги қоидаларига асосан ташкил этилди.

“Ҳарбий-спорт комплекси кўпкураши” мусобақаси дастури 100 метрга югуриш, турникда тортилиш, 3 км масофани босиб ўтиш ва ягона тўсиқлар йўлагидан ўтишни назарда тутади. Пистолетдан ўқ отиш, эркин усулда 3 км.га сузиш, 1-2 км масофага югуриш машқларидан иборат бўлган “Офицерлар уч кураши” беллашуви ҳам баҳсларга бой бўлди. “Отиш спорти” мусобақасида мерганлик маҳоратини намойиш этган иштирокчилар амалдаги ўқ отиш қоидаларига асосан, пистолетдан ПМ-1 машқи ва автоматдан АК-1 машқини бажарди.

Мусобақалар якуни бўйича иштирокчилар турли номинация бўйича яккалик ва жамоавий тарзда кубок, медал, диплом ҳамда фахрий ёрлиқлар билан тақдирланди. Фахрли биринчи ўринни қўлга киритган ҳарбий хизматчилар март ойида Мудофаа вазирлиги миқёсида ўтказиладиган чемпионатда ҳарбий округ шарафини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга бўлди.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА