Ўзбекистонда ихтисослашган озиқ-овқат марказини ташкил этишга келишиб олинди

Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида «Gulfood» халқаро озиқ-овқат кўргазмаси бўлиб ўтмоқда.
Бу каби тадбирларда ҳар бир мамлакатнинг соҳа масъуллари иштирокига алоҳида ўрин берилади. Тадбирда қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов иштирок этиб, ўтказилаётган мулоқотларда самарали натижалар қайд этилди.
Хусусан, вазирнинг «Abu Dhabi Developmental Holding Company» (ADQ) компанияси таркибига кирувчи «Ghitha Group» компанияси директори Исса Хоори билан учрашуви ҳам бунга мисол бўла олади, дейилади Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълумотида.

Шунингдек, «Abu Dhabi Food Hub» компанияси директори Суреш Ваидҳянатҳан билан учрашувда Ўзбекистонда ихтисослашган озиқ-овқат марказини ташкил этиш юзасидан ўзаро англашув меморандумини имзолашга келишиб олинди. «Gulfood» озиқ-овқат ва ичимликлар саноати учун дунёдаги энг йирик ва нуфузли йиллик кўргазма бўлиб, тўрт кун давомида энг кўп ташрифлар бўлиб ўтади ва экспонентлар ҳамда бизнес операциялари амалга оширилади.
Дунёдаги энг йирик ҳалол маҳсулотлар кўргазмаси сифатида эътироф этиладиган “HalalWorldFood” доирасидаги кўргазмада 50 та мамлакатдан озиқ-овқат ишлаб чиқарувчи компанияларнинг юзлаб мутахассислари иштирок этмоқда.
А.РУСТАМОВ, ЎзА