Шу кунларда филиппинлик машҳур боксчи Мэнни Пакьяонинг “Париж-2024” Олимпия ўйинларида иштирок этиши юзасидан ушбу мамлакат Олимпия қўмитасининг Халқаро олимпия қўмитасига йўллаган мурожаати халқаро спорт жамоатчилиги, айниқса бокс жамоалари ўртасида қизғин муҳокамага сабаб бўлаётганди.
Ҳаваскор ва профессионал боксда юксак натижаларга эришган 45 ёшли Мэннининг тўрт йиллик ўйинлар бокс дастурида қатнашиш истаги ХОҚ томонидан тасдиқланган қоидага кўра, инобатга олинмайдиган бўлди.
Маълум бўлишича, XXXIII ёзги Олимпиада бокс мусобақасида 40 ёшдан ошган спортчи қатнашиши мумкин эмас. Бу ҳақда Филиппин Олимпия қўмитасига йўлланган жавоб хатида айтиб ўтилган.
Жорий йил 26 июль-11 август кунлари Франция пойтахтида ўтадиган ёзги Олимпия ўйинлари бокс мусобақасида эркаклар 7, аёллар 5 вазн тоифаси бўйича рўйхатдан ўтишади.
Эслатиб ўтамиз, Парижда жами 248 – 124 нафардан эркак ва аёл боксчи медаль учун кураш олиб боради.
Т.Рўзиев, ЎзА