Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Б.Зокировга Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан “Ўзбекистон Республикаси қурилиш тармоғини модернизация қилиш, жадал ва инновацион ривожлантиришнинг 2021 – 2025 йилларга мўлжалланган стратегияси доирасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида”ги масала юзасидан парламент сўрови юборилган эди.

Парламент сўровида қурилиш тармоғини модернизация қилиш, шаҳарсозлик фаолиятини жадал ривожлантириш, аҳолини сифатли, қулай уй-жой, ижтимоий ва муҳандислик инфратузилмаси хизматларига бўлган эҳтиёжларини қондириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳолати юзасидан асослантирилган тушунтиришлар бериш сўралган эди.

Қонунчилик палатасининг бугунги мажлисида мазкур парламент сўровига юборилган жавоб кўриб чиқилди.

Парламент сўровига келган жавобда келтирилишича, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги томонидан 2023 йилда геоахборот тизими яратилди. Бугунги кунга қадар 284 та бош режа, 16 та батафсил режалаштириш лойиҳаси ушбу платформага жойлаштирилган.

Қурилиш соҳасида лицензиялаштириш ва аккредитациялаш бўйича 2021-2023 йилларда 2,3 мингта лицензия, 88 та аккредитация гувоҳномалари берилган. Шаҳарсозлик ҳужжатларини экспертиза қилиш Республика маркази томонидан 2021-2023 йиллар мобайнида жами 81,5 мингдан ортиқ лойиҳа-смета ҳужжатларига экспертиза хулосалари тақдим этилган.

“Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимида қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасидаги 16 та давлат хизматлари рақамлаштирилиши натижасида аҳоли ва бизнес эгаларига уйдан чиқмаган ҳолда хизматлардан фойдаланиш имконияти яратилган. 2021-2023 йилларда “Давхизмат” ахборот тизими орқали 800,5 мингта объект бўйича давлат хизматлари кўрсатилган.

Мажлисда қайд этилганидек, “Менинг уйим” автоматлаштирилган биллинг ахборот тизими Марказий банкнинг клиринг “МУНИС” тизимига интеграция қилиниб, мажбурий бадалларни тижорат банклари кассаларидан қабул қилиш имконияти яратилган. Тизим орқали иссиқ сув ҳисоблагичларини қиёсловдан ўтказиш бўйича 2021 йилда 23,5 мингта, 2022 йилда 23,5 мингта ва 2023 йил 16,6 мингта давлат хизмати кўрсатилган.

Шу билан бирга, шу йил 29 январь куни давлатимиз раҳбари ҳузурида уй-жой, қурилиш, коммунал хўжалиги, транспорт ва экология соҳаларида 2024 йилда амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишидаги вазифалардан келиб чиқиб, вазирлик томонидан аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Кадастр агентлиги томонидан 2024-2025 йилларда уйдаги умумий мол-мулк ва ертўла ва бўш майдонлар ҳақида электрон маълумотлар базаси шакллантирилиб, “Менинг уйим” тизимига боғланади ҳамда аҳоли ва ташаббускорларга очиқ эълон қилинади. Ижара тўловлари фақат “Менинг уйим” платформаси орқали ҳисоб-китоб қилиниб, аҳоли учун очиқ бўлиши таъминланади.

Мажлисда парламент сўровига жавоб маълумот учун қабул қилинди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА