Парламент қуйи палатасининг мажлисида сув ресурсларини бошқариш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан кўриб чиқилди.

— Бир гуруҳ депутатларимиз ташаббуси билан ишлаб чиқилган мазкур қонун лойиҳаси билан сув хўжалиги ташкилотлари томонидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларига сув етказиб бериш хизматлари учун тўловларни бекор қилиш кўзда тутилмоқда, — деди қўмита раиси Равшан Мамутов. — Мазкур харажатларнинг ўрни сув ресурсларидан фойдаланганлик учун тўланадиган солиқларнинг 40 фоизини йўналтириш ҳисобидан қопланиши белгиланмоқда. Бу эса қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларга янада қулайлик яратиб, уларнинг моддий манфаатдорлиги ортишига хизмат қилади.

Шунингдек, лойиҳада халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун сув истеъмолчиларига нисбатан сув олиш лимитларини белгилаш ваколати берилмоқда. Бундан ташқари, Сув хўжалиги вазирлигининг туман (Қувасой шаҳар) ирригация бўлимлари ҳамда махсус хизматлари негизида “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасалари ташкил этилгани муносабати билан амалдаги айрим қонунларга ўзгартиришлар киритилмоқда.

Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши сув ресурсларини самарали бошқариш, мазкур жараёнларда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг иштирокини таъминлаш орқали ер ва сувга доир муносабатларнинг ҳуқуқий асосини янада такомиллаштиришга хизмат қилади.

Муҳокамаларда депутатлар айрим аниқлаштирувчи саволларни ўртага ташлади. Муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.

М.Комилова, ЎзА