Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлиси бўлиб ўтмоқда. Унда бир қатор қонун лойиҳалари ва парламент назоратига оид масалалар кун тартибига қўйилган.

Мажлисда “Қурол тўғрисидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 220/1-моддасига қўшимча киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда муҳокама қилинди.

– Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 220/1-моддасида пневматик, сигнал берувчи, улоқтириш, ўзини ўзи ҳимоя қилиш қуролини рухсатномалар ва лицензияларсиз, қонунга хилоф муомаласига доир ҳаракатларни бажариш ва фаолиятни амалга ошириш учун маъмурий жавобгарлик белгиланган, – деди депутат Хўжамқул Ҳазратқулов. – Қонунга хилоф равишда сақлаёган ўқотар қуролни ўз ихтиёри билан топширган шахсларни жавобгарликдан озод этиш тўғрисида Жиноят кодексида мустаҳкамлаб қўйилган қоида шахслар бошқа турдаги қуролни ўз ихтиёри билан топширганда, уларни жавобгарликдан озод қилиш муаммосини ҳал этмайди. Шу билан бирга, “Қурол тўғрисида”ги қонуннинг 21-моддасида қуролни, шу жумладан юқорида кўрсатилган ўқотар бўлмаган қуролни ўз ихтиёри билан топширганлик учун Вазирлар Маҳкамаси томонидан тақдирлаш чоралари белгиланиши мумкинлиги баён этилган.

Ушбу ҳуқуқий зиддиятни бартараф этиш мақсадида мазкур лойиҳа билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 220/1-моддасини пневматик, сигнал берувчи, тиғли совуқ, улоқтириш қуролини ва ўзини ўзи ҳимоя қилиш қуролини ўз ихтиёри билан топширган шахслар жавобгарликдан озод қилинишига оид инсонпарвар норма билан тўлдириляпти, – деди маърузачи.

Қайд этилганидек, қонун лойиҳаси фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари янада ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашга, шунингдек, жамоат тартибини сақлаш ва ўқотар бўлмаган қурол турларининг қонунга хилоф муомаласининг олдини олиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади.

Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА