Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 2 августдаги “Халқ таълими вазири жамғармаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, халқ таълими соҳасида фаолият юритаётган ҳамда ўқувчилари юқори кўрсаткичларга эришаётган малакали педагог ходимларнинг меҳнатини рағбатлантириш бўйича ўтган йилдан бошлаб Вазир жамғармаси ҳисобидан ҳар ойлик устама тўлаш белгиланди.
Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг 2024 йил 8 январь кунги 10-сонли буйруғига асосан мактабгача ва мактаб таълими вазири жамғармаси ҳисобидан ҳар ойлик устама тўланадиган малакали педагог кадрлар чекланган сони Қорақалпоғистон Республикаси учун “Бошланғич таълим”, “Аниқ ва табиий фанлар”, “Хорижий тиллар”, “Ижтимоий фанлар” ва “Амалий фанлар” йўналишлари бўйича шаҳар ва туманлар бўйича умумий ўрта таълим мактаблари учун 97 та квота ҳамда Президент мактаблари агентлиги тизимидаги ижод ва ихтисослаштирилган таълим муассасалари учун 10 та квота ажратилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим ва кўникмаларини баҳолаш маркази томонидан Қорақалпоқ давлат университети базасида юқоридаги қарорга мувофиқ, танлаб олинган педагоглар учун ўзларининг ўқиётган умумтаълим фанлари бўйича билимларини баҳолаш учун 1-босқич тест синовлари бўлиб ўтди. Унда Бошланғич таълим йўналиши бўйича 54, Аниқ ва табиий фанлар йўналиши бўйича 81, Хорижий тиллар йўналиши бўйича 54, Ижтимоий фанлар йўналиши бўйича 81 ва Амалий фанлар йўналиши бўйича 51, жами 321 нафар талабгор педагог иштирок эди.
– Энг муносиблари келгуси босқичга йўлланмага эга бўлади, – дейди Педагог кадрларнинг салоҳиятини ошириш ва уларни тайёрлайдиган муассасалар фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси бош мутахассиси Суҳроббек Қирғизбоев. – Иккинчи суҳбат босқичи март ойига режалаштирилиб, ундан муваффақиятли ўтганлар 9 ой давомида Вазир жамғармаси ҳисобидан ҳар ой меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг беш ярим баравари миқдорида устама ҳақ олади.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА мухбирлари