Пойтахтимиз Тошкент март ойининг илк кунларида «Париж-2024» Олимпия ўйинларига рейтинг очколарни тақдим этадиган яна бир йирик спорт мусобақасига мезбонлик қилади.
Спорт вазирлиги хабарига кўра, жорий йилнинг 1-3 март кунлари пойтахтимизда дзюдо бўйича ўтадиган “Катта дубулға” турнирида иштирок этиш учун 69 мамлакатнинг 450 га яқин спортчиси дастлабки талабномаларни тақдим этган.
Миллий олимпия қўмитасида ўтган йиғилишда мазкур мусобақага тайёргарлик масалалари муҳокама қилинди.
Миллий олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Қосимов, қўмита раиси ўринбосари, мамлакат дзюдо федерацияси раиси Азизжон Комилов, федерация масъуллари иштирок этган йиғилишда бир неча йиллардан бери мамлакатимиз Халқаро дзюдо федерацияси (IJF) байроғи остида ўтаётган бундай нуфузли мусобақаларни юқори савияда ташкил этиб келаётгани, бу сафар ҳам уни аъло даражада ўтказиб, юртимизнинг спорт тизимидаги имкониятларини яна бир карра кўрсатиш лозимлиги таъкидланди.
Шунингдек, мусобақалар ўтадиган “Ҳумо арена”нинг тайёргарлиги, меҳмонларга яратиладиган шароитлар, виза, транспорт ва логистика, трансляция масалалари бўйича ҳолатни ўрганиб, иш самарадорлигини ошириш бўйича керакли тавсиялар илгари сурилди.
Йиғилишда терма жамоамиз аъзоларининг тайёргарлик масалалари ҳам эътибордан четда қолмади.
Расмийлар дзюдочиларимиз юқори натижа қайд этиш орқали Олимпиада рейтинги учун зарур очколарни жамғариши муҳимлигини қўшимча қилди. Суҳбат давомида яна бир қатор йўналишлар юзасидан мавжуд муаммолар ўрганилиб, уларнинг ечими бўйича вазифалар белгиланди.
Т. Рўзиев, ЎзА