Жорий йилнинг 21-22 февраль кунлари футбол бўйича Осиё чемпионлар лигасининг 1/8 финал босқичида мамлакатимизнинг икки клуби – “Навбаҳор” ва “Насаф” жавоб ўйинларида майдонга тушади. Аниқроғи, 21 февраль куни “Насаф” Абу-Даби шаҳрида “Ал-Айн” билан, 22 февраль куни эса “Навбаҳор” Ар-Риёдда “Ал-Иттиҳод” клубига қарши ўйин ўтказади. Ҳозирда ҳар икки жамоамиз ҳам ўйин ўтадиган шаҳарга етиб борди.

Хабарингиз бор, ушбу жамоаларнинг илк ўйини бир хил 0:0 ҳисобида якунланди ва чорак финал йўлланмаси жавоб ўйинида ҳал этиладиган бўлди. Ҳозирда ҳар тўрт жамоанинг навбатдаги босқичга чиқиш учун имкониятлари тенг. Фақатгина бизнинг жамоаларимиз сафарда ўйнашини ҳисобга олмасак, албатта. Бироқ шуни таъкидлаш лозимки, “Навбаҳор” 2023-2024 йилги Осиё чемпионлар лигасида сафарда ҳали бирор маротаба мағлуб бўлмади ва аксинча икки ғалаба ҳамда бир дуранг қайд этган бўлса, “Насаф” биттадан ғалаба, мағлубият ва дурангга эришди.

Бу эса бўлажак учрашувлар олдидан жамоаларга катта ишонч бериши шубҳасиз. Айниқса, “Навбаҳор” Саудия Арабистони терма жамоаларига қарши қандай ўйнашни билади.

“Навбаҳор”нинг сафардаги баҳси бироз қийин ўтиши мумкин, лекин Самвел Бабаян шогирдлари “Ал-Иттиҳод”га қарши бор имкониятини ишга солишига ишонамиз. Фақатгина Абдулраззак Ҳамдаллаҳ, Ромариньо, Нголо Канте, ва Бензема каби маҳоратли футболчиларнинг зарбаларига дарвозабонимиз Ўткир Юсупов доимо шай ҳолатда туриши керак. Дарвоқе, Бензема “Ал-Иттиҳод” сафига қайтди, бироқ у юқори савияда ўйин ўтказа олмаяпти ҳамда аргентиналик бош мураббий Марсело Гальярдо Каримдан сардорлик боғичини олиб қўйди.

Рўзиқул Бердиев шогирдлари учун ҳам Абу-Дабидаги ўйин осон кечмаслиги аниқ. Аввало шуни таъкидлаб ўтишимиз лозимки, “Насаф” гарчи ўз майдонидаги ўйинда юқори савияда ўйин ўтказа олмаган бўлсада, рақибга ўйинни топшириб қўймади. Аммо бу ўйини билан 22 февраль куни “Ал-Айн” мезбонлигида қийин аҳволга тушиб қолиши мумкин. Тўғри, мамлакатимизда ҳали футбол мусобақалари бошланмаган ва “Насаф” икки ой мобайнида бирорта ҳам расмий баҳсларга киришмади. Агарда ўтган йилнинг мавсум сўнгидаги ўйин услубини тиклаб олса, сафардан ғалаба ва чорак финал йўлланмаси билан қайтиши шубҳасиз. Лекин “Ал-Айн” ҳам оддий жамоа эмас, унинг ҳам устунлик томонлари бор.

Энди эса 1 март куни бошланиши кутилаётган Ўзбекистон Суперлигасига клубларимизнинг тайёргарлиги қандай ўтаётгани ҳақида тўхталиб ўтамиз.

Шу кунларда Туркияда “Пахтакор”, “Нефтчи” ва “Сўғдиёна” клублари янги мавсумга тайёрланмоқда. Ушбу йиғинлар доирасида амалдаги чемпион “Пахтакор” навбатдаги назорат ўйинини Латвиянинг “РФШ” клубига қарши ўтказди ва 0:2 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди. Умуман олганда пойтахтимиз клуби назорат ўйинларида натижага эмас, балки таркибни шакллантириш ва жисмоний ҳолатга эътибор қаратмоқда. Жамоанинг қандай натижа кўрсатишига янги мавсумда гувоҳ бўламиз.

Жиззахнинг “Сўғдиёна” жамоаси эса сўнгги ўртоқлик учрашувини Латвиянинг “Лиепажа” клубига қарши ўтказди. Унда “Сўғдиёна” 2:1 ҳисобида зафар қучди. Шунингдек, “Нефтчи” жамоаси навбатдаги назорат ўйинида “Сочи” клуби билан 2:2 ҳисобида дуранг ўйнади.

Бугунги кунда ўзбек футболининг янги юлдузига айланаётган Абдуқодир Ҳусанов Франция чемпионатининг 22-турида “Ланс” сафида “Реймс” жамоасига қарши 90 дақиқа ўйин ўтказгани ҳақида хабарингиз бор. “Ланс” фаолиятини ёритиб келаётган lensois.com сайти мазкур турда жамоанинг энг яхши ўйинчисини аниқлаш учун ўзига хос сўровнома ташкил қилди. Ушбу сўровда жамоа мухлислари Абдуқодир Ҳусановга энг кўп овоз берди ва жамоанинг энг яхши ўйинчисига лойиқ кўрди. Сўровномада А.Ҳусанов 46,22 фоиз овоз тўплади.

Бу эса умидли футболчимизнинг келажаги порлоқ экани ва бироз вақтдан сўнг Европанинг номдор жамоаларидан катта таклифлар келишидан далолат.

Европа футболида сўнгги бир неча йилда Килиан Мбаппе ва “Реал Мадир” клуби ҳақида турли хил хабарлар кенг тарқалмоқда. Ана шундай хабарлардан бири “ПСЖ” клуби президенти Носир ал-Хелайфининг Килиан Мбаппенинг ёзда “Реал”га ўтишини тасдиқлагани бўлди.

Маълумот учун, агарда Килиан Мбаппе “Реал”га ўтса, унинг маоши солиқлардан ташқари 15-20 миллион еврони ташкил этади. У “ПСЖ”да ҳозирда йилига 212 миллион евро маош олади.

“Реал” раҳбарияти Килиан Мбаппе жамоа сафида майдонга тушса, унга 10-рақамни берадиган бўлди. “Қироллик клуби”да айни вақтда ушбу 10-рақамда Лука Модрич ўйнаяпти.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА