Эрон пойтахти Теҳронда енгил атлетика бўйича поёнига етган ёпиқ иншоотлардаги Осиё чемпионатида мамлакатимиз спортчилари 4 та медални қўлга киритди.

Хабар берганимиздек, ўтган муросасиз баҳсларда ҳамюртимиз Малика Нуриддинова ядро улоқтириш мусобақасида кумуш, аёллар жамоаси вакиллари 4х400 метрга эстафета мусобақасида бронза медалига сазовор бўлганди.

Чемпионатнинг сўнгги баҳсларида терма жамоамиз аъзолари яна биттадан кумуш ва бронза медалларига эгалик қилди.

Кўпкураш дастурида 666 очко жамғарган Заҳриддин Шокиров кумуш медални шунингдек, уч ҳатлаб сакраш дастурида кураш олиб борган Иван Денисов 16.18 метр билан бронза медалига мушарраф бўлди. Ушбу йўналишда олтин медаль хитойлик Су Вэнга(16,74), кумуш медаль эса кореялик Чанву Кимга насиб этди.

Осиё қитъасининг маҳоратли енгил атлетикачилари иштирок этган қитъа чемпионатида ҳамюрларимизнинг Хитой, Япония, Жанубий Корея каби етакчи давлат спортчиларига муносиб рақиб бўлолгани эътибга молик бўлди. Қолаверса, терма жамоамиз аъзоларининг 4 та медаль билан бирга рейтинг очколарни жамғаргани кейинги нуфузли мусобақаларга муносиб захира тўплаганидан далолат беради.

Т. Рўзиев, ЎзА