Ислом ҳамкорлик ташкилоти ахборот агентликлари иттифоқи (UNA-OIC) хабар беришича, Саудия Арабистони ахборот вазирлиги ташаббуси билан Ар-Риёд шаҳрида мамлакат Радиоэшиттириш корпорацияси ва Журналистлар уюшмаси билан ҳамкорликда учинчи марта “Саудия Медиа форуми-2024” ташкил этилди.
“ОАВ шаклланаётган дунёда” шиори остида уч кун давом этадиган тадбирда 2000 дан зиёд соҳанинг таниқли арбоблари, академиклар, эксперт ва мутахассислар, маҳаллий ҳамда халқаро миқёсдаги 80 та оммавий ахборот воситаси вакиллари иштирок этмоқда.
Анжуман медиа келажаги кўргазмаси – “FOMEX” (the Future of Media Exhibition) билан бошланиб, 200 дан ортиқ маҳаллий ва халқаро компаниялар турли йўналишлардаги энг сўнгги технология, инновация намуналарини намойиш этишди.
Кўргазмада семинарлар ташкил этилиб, медиа саноати оламидаги самарадор ишланма ва технологиялар тақдим этилган, қатнашчилар учун ҳамкорликни йўлга қўйиш ва мустаҳкамлаш, ўзаро тажриба алмашиш имкони яратилган.
Форум раиси, Радио ва телевидение корпорацияси бош директори Муҳаммад бин Фаҳд Ал-Харитий айтишича, кўргазма ОАВ келажагини шакллантириш, иштирокчиларда ижодий фикрлаш ва барқарорликни мустаҳкамлаш кўникмасини оширишга ҳисса қўшади, ғоя ва билим алмашиш, маҳаллий ва глобал миқёсда медиа компаниялари, институтлари ишини ривожлантиришга ҳисса қўшадиган майдон бўлиб хизмат қилади.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА