ФОТОРЕПОРТАЖ

Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида қорақалпоқ адабиётининг йирик вакили, буюк шоир Ажиниёз Қўсибой ўғли таваллудининг 200 йиллиги муносабати билан ўтказиладиган халқаро ҳамда республика миқёсидаги тадбирларни ташкиллаштириш масалаларига бағишланган мажлис бўлиб ўтди.

Маълумки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан халқимизнинг суюкли шоири Ажиниёз таваллудининг 200 йиллиги ЮНЕСКО доирасида халқаро миқёсда нишонланадиган юбилейлар рўйхатига киритилган.

Ушбу муҳим воқеани юқори савияда ўтказиш, юбилей тадбирларини ташкил этиш бўйича тегишли ишларни белгилаб олиш, шунингдек, олимлар, ижодкорлар, маърифатпарвар алломалар, соҳа масъуллари ҳамда кенг жамоатчилик вакилларининг фикр-мулоҳазалари, таклифларини ўрганиш мақсадида ўтказилган мажлисни институт ректори вазифасини вақтинча бажарувчиси Қувондиқ Қодиров олиб борди.

Ажиниёз Қўсибой ўғли қорақалпоқ халқининг маънавий дунёсининг бойишига катта ҳисса қўшган буюк шахсдир. У қорақалпоқ адабиётида лирика, эпик поэзияни ривожлантириш билан бирга, айтишув жанрининг ҳам маҳоратли ижодкори ҳисобланади. Унинг Қиз Менгеш билан айтишуви шоирлар айтишувининг энг ёрқин намунасидир.

Мажлисда шоир ижодини халқаро миқёсда тарғиб этиш, асарларини чет тилларига таржима қилиш, шу билан бирга, ижодининг янги қирларини очиш мақсадида илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш каби масалалар юзасидан фикрлар, таклифлар ўртага ташланди.

Шунингдек, шоир мақбарасини ободонлаштириш, атрофида кўкаламзорлаштириш ишларини ўтказиш, “Ажиниёз боғи”да янги дарахт кўчатларини экиш орқали уни кенгайтириш, асарларини халқимиз, шу жумладан, ёшлар орасида тарғиб қилиш мақсадида танловлар ташкил этиш каби аҳамиятли тадбирлар бўйича амалга ошириладиган ишлар, вазифалар белгилаб олинди.

Тадбир институтнинг истеъдодли талабалари ҳамда “Тўмарис” халқ ансамбли аъзолари ижросидаги концерт дастури билан давом этди.

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА