Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги томонидан Қорақалпоғистон Республикасининг Қўнғирот, Кегейли, Тахиатош ва Чимбой туманларида “Янги Ўзбекистон армияси мамлакат қудрати, юксак ғурур ва садоқат тимсолидир!” шиори остида “Ҳарбий хизмат менга берган имкониятлар” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Унда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги, туман ҳокимликлари, Қорақалпоғистон Республикаси Мудофаа ишлари бошқармаси ҳамда бўлимлари ходимлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари ҳамда муддатли ҳарбий хизматга чақирилувчи ёшлар иштирок этди.
Тарғибот тадбирлари доирасида “Қўмондон ва ёшлар” учрашуви самимий мулоқотга бой ўтди. Қўмондон ёшлар билан яқиндан суҳбатлашар экан, ҳаёти ва хизмат фаолияти ҳақида сўзлади. Ҳарбий хизматчиларга белгиланган имтиёз ва қулайликлар, яратилаётган шароитлар ҳақида сўз юритиб, Ватанни ҳимоя қилиш ҳар бир йигитнинг муқаддас бурчи эканлигини эслатди.
Чақирув ёшидагилар ҳарбийлардан муддатли ва сафарбарлик резервидаги ҳарбий хизматни ўташ афзалликлари, армияга боришга тайёрланаётган номзодларга қўйилган талаблар, олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга кириш шартлари ҳақида батафсил жавоб олди.
Муддатли ҳарбий хизматни сержантлик ва офицерлик лавозимларида шартнома бўйича ўтаётган ҳарбий хизматчилар ҳамда бир йиллик хизматни ўтаб бўлиб, айни вақтда ўзини катта ҳаётда топа олган йигитлар армияда эришган ютуқлари, “Ҳаёт мактаби”да тобланиш нима эканлиги ҳақида ёшларга батафсил тушунтирди. Армияда ота-она ва яқинлари қадрига етганлиги, мусофирчиликнинг ўзига яраша машаққатлари уларни руҳан кучли қилиб тарбиялагани, командирларга бўйсуниш ва шахсий таркибга ғамхўрлик қилишни ўргангани, жисмонан баркамол бўлиб, дунёқараши кенгайганини сўзлаб беришди.
Самимий суҳбат ҳарбийлик ҳақида кўпроқ маълумотларга эга бўлиш истагида бўлган ёшларнинг саволларига уланиб кетди. Кимдир муддатли ҳарбий хизмат ҳақида сўраса, яна кимдир офицер бўлиш учун қандай синовлар кутаётгани ҳақида қизиқди.
Нукус гарнизони Маънавият ва маърифат маркази ҳарбий оркестри жамоаси томонидан ўзбек ва қорақалпоқ тилларидаги куй ва қўшиқлардан иборат гулдаста ёшларнинг кайфиятини кўтарган бўлса, аскарлар таркибидан иборат фахрий қоровул взводи томонидан намойиш этилган саф элементлари ва қўл жанги кўргазмали чиқишлари тадбирга жанговар руҳ бағишлади.
Тадбир сўнггида Шимоли-ғарбий ҳарбий округи шимолий сарҳадларида ҳарбий хизматни ўтаётган аскарларнинг хизмат фаолиятига доир жанговар ва маънавий-маърифий машғулотлари акс этган видеоролик намойиш этилди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА мухбирлари